Германия шаҳарларида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланди
Сентябрь 12, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 83МАЙНЦ-ФЮРТ, 12 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Германиянинг Майнц ва Фюрт шаҳарларида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувлар Майнц шаҳридаги “Дўппи” ўзбек-немис маданий жамияти ҳамда Фюрт шаҳридаги “Умид” ўзбек маданияти ва дўстлик жамияти билан ҳамкорликда ўтказилди.
Тадбирларда Германиянинг турли шаҳарларидан 700 нафардан ортиқ ватандошлар, маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда турли миллат вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Бош консули Мираншоҳ Раупов тадбир иштирокчиларини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклади. У ватандошларнинг Ватанимиз билан маданий алоқаларини сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлади.
Фюрт шаҳри мэри Томас Юнг иштирокчиларни байрам билан табриклаб, Ўзбекистон фуқароларига фаровонлик, муваффақият ва тинчлик тилади. Унинг тадбирда иштирок этиши шаҳар маъмурияти ва ўзбек жамоатчилиги ўртасидаги дўстона муносабатларнинг ифодаси бўлди.
Байрам тадбирлари доирасида ватандошлар фарзандларининг чиқишлари, миллий буюмлар ва анъанавий амалий санъат кўргазмаси, шахмат чемпионати, спорт мусобақалари ҳамда миллий ўйинлар ташкил этилди.
Тадбирлар ўзбек халқ қўшиқлари ва мақом санъати анъаналари асосидаги мусиқий асарлар ижро этилган концерт дастури ҳамда миллий таомлар тақдимоти билан якунланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

