Малайзияда Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланди
Сентябрь 11, 2026. 12:00 • 3 дақ
• 58КУАЛА-ЛУМПУР, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси дипломатлари томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Малайзия ҳукумати ва парламенти, дипломатик корпус, ишбилармон доиралар, фан, таълим, туризм, тиббиёт, оммавий ахборот воситалари ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.
Малайзия парламенти Сенати раиси ўринбосари Нур Жазлан Моҳамед ҳамда туризм, санъат ва маданият вазири Тионг Кинг Синг Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, мамлакатга тинчлик, муваффақият ва фаровонлик тилади.
Учрашув давомида Ўзбекистон–Малайзия муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. 2024–2026 йилларга мўлжалланган олий даражадаги ташрифлар ва парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчиларга “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ва мамлакатни янада тараққий эттиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, иқтисодий ўсиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий сиёсат, камбағалликка қарши курашиш ва сармоявий муҳитни яхшилаш борасидаги ютуқлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг тарихий обидалари макетлари, миллий ҳунармандчилик буюмлари, анъанавий либослар ва мамлакат тарихига бағишланган фотосуратлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Меҳмонларга ўзбек миллий таомлари тортилди.
Маданий дастурда Тошкент вилоятининг “Нурафшон” ансамбли ҳамда ўзбекистонлик санъаткорларнинг ижод намуналари тақдим этилди. Улар Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари маданий ранг-баранглигини акс эттирувчи миллий қўшиқ ва рақсларни ижро этди.
Нур Жазлан Моҳамед, Малайзия парламенти Сенати раиси ўринбосари:
– Тадбир давомида Ўзбекистонда сўнгги ўн йилликда амалга оширилган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга яна бир карра гувоҳ бўлдик. Мамлакатнинг тинчликсевар, прагматик ва мувозанатли ташқи сиёсатини юксак баҳолаймиз. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва янги ютуқлар тилайман.
Бадрул Иса, MARA технология университети (UiTM) проректори:
– Биз мамлакатингизнинг туризм ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш сиёсатини юқори баҳолаймиз. Бугунги учрашув доирасида университет делегациясининг август ойида юртингизга ташрифига бағишланган фотокўргазма ташкил этдик ва Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига атаб альбом тайёрладик.
Макс Сай, KSI Осиё-Тинч океани минтақаси стратегик тадқиқотлар институти ижрочи директори:
– Бугунги кунда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтиришга қаратилган амалий қадамлар ўз самарасини бермоқда. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёни халқаро ҳамжамият, хусусан, Малайзиянинг расмий ва ишбилармон доиралари томонидан эътироф этилмоқда. Ўзбекистон халқини мустақиллик байрами билан табриклайман. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари янада кенгайишини тилаб қоламан.
Суҳайми Шаҳадан, АСЕАН Савдо-саноат палатаси раиси, Ўзбекистон–Малайзия бизнес альянси бош котиби:
– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, мавжуд тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни олқишлаймиз. Янги Ўзбекистонда хорижий инвесторлар, илғор технологиялар ва тадбиркорлар учун имкониятлар янада кенгаймоқда. Шу боис, икки мамлакат ишбилармон доиралари ва туризм соҳаси вакиллари ўртасидаги Б2Б алоқаларини фаоллаштириш билан шахсан шуғулланаяпман.
Метью Ҳадсон, “Enviros Group” компанияси амалиёт бўйича бош директори:
– Ўзбекистон халқини истиқлол шодиёнаси билан қутлайман. Ушбу тантана ишбилармон доиралар ва йирик компаниялар вакиллари учун мамлакатнинг инвестиция йўналишидаги имкониятлари тақдимоти бўлди. Биз Ўзбекистондаги бизнес имкониятлари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдик. Келгусида юртингиз билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун бизнес-миссиялар ташкил этишни режалаштирмоқдамиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





