Лондонда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган расмий қабул маросими ўтказилди
Сентябрь 11, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 193ЛОНДОН, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Лондон шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган расмий қабул маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда хорижий мамлакатларнинг Британиядаги элчилари ва дипломатик ваколатхоналари ходимлари, Буюк Британия ҳукумати ва парламенти, ишбилармон ҳамда академик доиралар вакиллари, шунингдек, ватандошларимиз иштирок этди.
Тантанали маросимнинг бош меҳмони Буюк Британия Парламенти Жамоалар палатаси спикери Линдси Хойл бўлди. У ўз нутқида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланаётганини ҳамда савдо-иқтисодий, таълим, маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик кўлами кенгаяётганини алоҳида эътироф этди.
Спикер, шунингдек, Лондонда Ўзбекистон Миллий инвестиция фондининг (UzNIF) IPOси муваффақиятли ўтказилганини қайд этиб, буни мамлакатимиз Президенти раҳнамолигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим амалий натижаси сифатида баҳолади.
Қабул маросими доирасида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги санъаткорлар делегацияси иштирокида бой маданий дастур намойиш этилди. Меҳмонлар олдида Ўзбекистон халқ артистлари Севара Назархон ва Тоир Қўзиев, хонанда Баҳром Назаров, “Doppi Twins” гуруҳи ҳамда миллий рақс ансамбли ўз чиқишларини тақдим этдилар.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистондан махсус таклиф этилган ошпазлар жамоаси томонидан тайёрланган миллий таомларимиз тортиқ қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



