Ҳиндистоннинг Маҳараштра штатида соҳил кураши бўйича очиқ чемпионат ғолиблари аниқланди
Январ 30, 2026. 10:27 • 50 сония
• 68ДЕҲЛИ, 30 январь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг Маҳараштра штатида соҳил кураши бўйича «Maharashtra State Beach Kurash Championship 2025–2026» очиқ чемпионати якунланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Сангли туманида ташкил этилган мазкур йирик спорт тадбири курашнинг халқаро майдонда жадал ривожланаётган яккакураш турларидан бири сифатидаги мақомини яна бир бор тасдиқлади.
Тадбир штат ёшлари ўртасида курашни янада кенг ёйиш ва оммалаштириш мақсадида ташкил этилди.
Турнир штатнинг турли ҳудудларидан келган 450 нафардан ортиқ спортчини бирлаштирди. Мусобақалар болалар, ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида барча вазн тоифаларида ўтказилди.
Маҳараштрадаги ушбу чемпионат 2018 йилдан буён анъанавий тарзда ҳар йили ташкил этилмоқда. Ўтган давр мобайнида мазкур турнир Ҳиндистонда курашнинг соҳил йўналишини оммалаштиришда муҳим ўрин тутиб, анъанавий тус олди.
Ҳиндистоннинг йирик штатларида бу каби мусобақаларнинг уюштирилиши ўзбек курашининг халқаро спорт тури сифатидаги мақоми мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Бугунги кунда кураш халқаро кўламда ҳалол куч синашиш ва инсонпарварлик тамойилларини илгари сурган ҳолда, дунё бўйлаб минглаб спортчиларни бирлаштирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


