Logo

“Agent travel”: Ўзбекистон испан сайёҳлари учун энг жозибали йўналишга айланмоқда

Январ 30, 2026. 10:22 • 2 дақ

40
“Agent travel”: Ўзбекистон испан сайёҳлари учун энг жозибали йўналишга айланмоқда

МАДРИД, 30 январь. /“Дунё” АА/. Испаниянинг нуфузли “Agent travel” нашрида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва мамлакатда сайёҳларга яратилган шароитлар ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрнинг туристик агентликлар ўртасида ўтказилган сўровномаларга таяниб ёзишича, Ўзбекистон ўзининг бой тарихий мероси, анъанавий йўналишларга нисбатан гавжум бўлмаган шаҳарлари ва ривожланаётган авиацияси билан Испания бозорида мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Мутахассислар мамлакатни Иордания каби классик йўналишларда бўлиб улгурган ва янги маданий таассуротлар қидираётган сайёҳлар учун идеал муқобил сифатида баҳоламоқда.

Мақолада Ўзбекистонга бўлган қизиқишнинг ортишида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилгани асосий омил бўлгани таъкидланган. Хусусан, “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Мадрид ва Тошкент ўртасидаги рейслари, “Iberojet” авиакомпаниясининг Мадрид ва Сарагосадан амалга ошираётган парвозлари испан сайёҳларига Буюк Ипак йўли меросини ўз кўзлари билан кўриш имконини яратмоқда.

Йирик туристик операторлар ҳам ушбу ижобий динамикага мос равишда ўз стратегияларини ўзгартирмоқда. “Avoris” компанияси директори Густаво Серранонинг сўзларига кўра, компания кетма-кет учинчи йил Ўзбекистонга махсус дастурларни ишга туширган бўлиб, парвозлар географияси Мадрид билан чекланиб қолмай, Барселона, Бильбао ва Севилья каби шаҳарларни ҳам қамраб олмоқда.

“TUI Spain” компанияси Ўзбекистон бўйича ўз дастурларини 30 фоизга кенгайтирганини маълум қилган. Бу каби йирик компанияларнинг эътибори ва инвестициялари янги йўналишларнинг бозорда узоқ муддатли ва рақобатбардош бўлиб қолишини таъминлайди.

“Ўзбекистон каби йўналишлар сайёҳлар кутганидан зиёдроқ маданий, табиий ва гастрономик бойликларни тақдим этади. Рақамлаштириш, туроператорларнинг фаол тарғиботи ва сифатли меҳмонхона хизматлари туфайли Ўзбекистон яқин йилларда Испания туризм бозорида етакчи ўринларни эгаллаши кутилмоқда”, дея мақолага хулоса қилинган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш