Женевада Ўзбекистонда табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдимоти бўлиб ўтди
Март 04, 2025. 19:02 • 3 дақ
• 261
ЖЕНЕВА, 4 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий вакили Элдиёр Тошматов Женева шаҳрида Бутунжаҳон ёввойи табиат куни муносабати билан Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги Конвенция (СИТЕС) доирасида ўтказилган "Ёввойи табиатни муҳофаза қилишни молиялаштириш: одамлар ва сайёрага инвестиция киритиш" мавзусидаги юқори даражадаги тадбирда асосий маърузачи сифатида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Эслатиб ўтамиз, 2013 йил 20 декабрь санасида БМТ Бош Ассамблеясининг 68-сессиясида 3 март – Бутунжаҳон ёввойи табиат куни деб эълон қилинган.
Юқори даражадаги тадбирда CИТЕС бош котиби Ивонн Игуэро, БМТ Тараққиёт дастури маъмури Аким Штайнер, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи бош директори Гретель Агилар, Глобал экологик фонд бош ижрочи директори Карлос Мануэль Родригес, шунингдек, Жанубий Африка, Бразилия ва Швейцариянинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий вакиллари қатнашди.
Иштирокчилар экологик фаолиятни молиялаштиришни кўпайтириш ва диверсификация қилиш зарурлигини муҳокама қилдилар. Шунингдек, ўз мамлакатларининг табиатни муҳофаза қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги илғор тажрибаларини тақдим этдилар.
Ўзбекистон вакили ўз нутқида, йиғилганларга атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, юртимизда экологик инқирозларнинг олдини олиш ва атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш бўйича инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.
Республика иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва ифлосланиши каби сайёрамиз дуч келаётган инқирозни ҳал қилишга тўлиқ интилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан яратилган ва 2030 йилгача ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута экиш кўзда тутилган "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Ўзбекистоннинг биологик хилма-хилликни сақлашга қўшган ҳиссаси, сўнгги олти йилда 4 фоиздан 14 фоизга ўсган муҳофаза этиладиган ҳудудларни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларда ўз ифодасини топгани қайд этилди.
CИТЕС бош котиби Ивонн Игуэро 2025 йил 24 ноябрь- 5 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги Конвенция иштирокчилари конференциясининг 20-юбилей йиғилиши бўлиб ўтиши ҳақида маълумот қилди ва барчани мазкур тадбирда фаол иштирок этишга чақирди.
Мамлакатимиз дипломатик миссия раҳбари ҳам Женева шаҳридаги халқаро ҳамжамият вакилларини "Марказий Осиё глобал иқлим муаммолари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида бирлашиш" мавзусидаги Самарқанд халқаро конференцияси ва "Эко Экспо" халқаро кўргазмасида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришни таклиф қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Ўзбекистон делегацияси БМТ форумида глобал экологик ташаббусларни илгари сурмоқда



