Қатарда ўзбекистонлик мутахассислар бир йиллик касбий таълим дастурини муваффақиятли якунлади

Сентябрь 02, 2026. 11:08 • 3 дақ

69
Қатарда ўзбекистонлик мутахассислар бир йиллик касбий таълим дастурини муваффақиятли якунлади
Қатарда ўзбекистонлик мутахассислар бир йиллик касбий таълим дастурини муваффақиятли якунлади
Қатарда ўзбекистонлик мутахассислар бир йиллик касбий таълим дастурини муваффақиятли якунлади

ДОҲА, 2 сентябрь. /“Дунё” АА/. Доҳа Фан ва технологиялар университетида Наманган вилоятидан Қатарга бир йиллик касбий тайёргарлик дастури доирасида юборилган 15 нафар ёш мутахассисга сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Халқаро стандартлар асосида ташкил этилган ўқув дастури 5 та техник мутахассислик йўналишини қамраб олди ва тўлиқ грант асосида амалга оширилди.

Мазкур ташаббус Ўзбекистон элчихонаси, Прогрессив ислоҳотлар маркази ва Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида амалга оширилди.

Дастур мамлакатимизда биринчи Ўзбекистон-Қатар касбий кўникмалар марказини ташкил этишга қаратилган кенг кўламли лойиҳанинг муҳим қисми ҳисобланади. Марказни жорий йилда Наманган вилоятидаги техникум негизида ишга тушириш режалаштирилган.

Шунингдек ўқинг

Қатарда олган назарий билим ва амалий тажрибаларини Ўзбекистонга қайтгач, дастур битирувчилари янги марказ фаолиятида қўллайди. Улар марказда менежер ва ўқитувчи сифатида фаолият юритиб, ҳар йили 1 минг нафаргача меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлашга ҳисса қўшиши кутилмоқда. Тайёрланган кадрларни Ўзбекистонда, шунингдек, дунёнинг турли мамлакатларида иш билан таъминлаш имкониятлари яратилади.

Лойиҳанинг алоҳида аҳамияти шундаки, Қатарнинг замонавий касбий таълим соҳасидаги илғор тажрибаси бевосита Ўзбекистоннинг профессионал таълим тизимига татбиқ этилмоқда. Доҳа университетида тайёргарликдан ўтган мутахассислар иш берувчиларнинг реал эҳтиёжлари ҳамда халқаро меҳнат бозори талабларига мос, амалиётга йўналтирилган таълим усулларини мамлакатимизда жорий этиш имкониятига эга бўлади.

Доҳа фан ва технологиялар университети 2022 йилда ташкил этилган бўлиб, Қатарнинг техник ва касбий кадрлар тайёрлашга ихтисослашган биринчи миллий амалий университети ҳисобланади. Муассасада муҳандислик технологиялари ва саноат мутахассисликлари, бизнес бошқаруви, ҳисоблаш техникаси ва ахборот технологиялари каби асосий йўналишлар бўйича 70 дан ортиқ таълим дастури мавжуд. Бундан ташқари, университет Қатардаги техник ва касбий таълим ва тайёргарлик соҳасидаги етакчи муассасалардан бири ҳамда ЮНЕСКОнинг UNEVOC маркази сифатида фаолият юритади.

Наманган вилоятидан 15 нафар мутахассиснинг мазкур дастурни муваффақиятли якунлаши Ўзбекистон ва Қатар ўртасида касбий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг навбатдаги амалий натижасидир. Ушбу ташаббус икки мамлакат ўртасида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, миллий ва халқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий мутахассисларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш