Миср компанияси Ўзбекистон касб-ҳунар таълими муассасаларига 35 дона замонавий ноутбук топширди

Сентябрь 02, 2026. 09:54 • 3 дақ

73
Миср компанияси Ўзбекистон касб-ҳунар таълими муассасаларига 35 дона замонавий ноутбук топширди

ҚОҲИРА, 2 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “In2Metals” компанияси Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртимизнинг қатор ҳудудларидаги касб-ҳунар таълими муассасаларига 35 дона замонавий ноутбук тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу беғараз кўмак мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси ташаббуси билан амалга оширилди. Техника жиҳозлари “In2Metals” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси – “Copper Mining” МЧЖ томонидан тақдим этилди.

Ноутбуклар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Наманган, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги касб-ҳунар таълими муассасалари эҳтиёжлари учун мўлжалланган.

Элчихона мувофиқлашувида Ўзбекистонга етказилган ушбу техник ускуналарни топшириш маросими Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касб-ҳунар таълими агентлиги вакиллари иштирокида тантанали равишда ўтказилди.

Мазкур хайрия ташаббуси “In2Metals” компаниясининг Ўзбекистонда амалга ошираётган ижтимоий лойиҳаларининг навбатдаги давоми бўлди. Айни пайтда компания Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида “Шимолий Бўкантов” мис конини ўзлаштириш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда.

Сўнгги йилларда хорижий инвестор сармоявий фаолиятни юритиш билан бир қаторда маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлаш, таълим инфратузилмасини ривожлантириш ва ҳудудда қулай ижтимоий шароитлар яратишга қаратилган бир қатор ташаббусларни ҳам амалга оширмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳридаги Геология фанлари университети билан ҳамкорлик доирасида “Шимолий Бўкантов” ҳудудида электромагнит геофизик тадқиқотлар ўтказишга университетнинг 20 нафар талабаси жалб этилиб, улар учун икки ойлик ишлаб чиқариш амалиёти ташкил қилинди. Амалиёт билан боғлиқ барча харажатлар, жумладан, транспорт ва ташкилий сарфлар компания томонидан тўлиқ қопланди.

Шунингдек ўқинг

Учқудуқ туманидаги “Қулқудуқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 1-сонли умумтаълим мактабининг стадиони таъмирланиб, белгиланган тартибда фойдаланиш учун топширилди. Таълим жараёнини қўллаб-қувватлаш мақсадида муассасага йирик форматли электрон экранлар ва инглиз тилидаги китоблар ҳам тақдим этилди.

“Қулқудуқ” маҳалласида аҳолига янада қулай шароитлар яратиш мақсадида кучли ёритиш тизимлари ўрнатилди, ҳаммом қурилди ҳамда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун замонавий қудуқ бурғиланди. Айни пайтда маҳалла ҳудудида қиймати 200 миллион сўмлик болалар ўйин майдончаси ва 100 миллион сўмлик сув омбори қурилиши давом этмоқда.

Умуман олганда, бугунги кунга қадар компания томонидан Ўзбекистондаги ижтимоий ташаббусларни амалга оширишга 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Бундан ташқари, 2024 йилда “In2Metals” компанияси III Тошкент халқаро инвестиция форумини қўллаб-қувватлаш мақсадида 100 минг АҚШ доллари миқдорида ҳомийлик ёрдами ажратди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида касб-ҳунар таълими муассасаларига 35 дона замонавий ноутбукнинг топширилиши хорижий компанияларнинг инвестициявий фаолиятини таълим, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва мамлакат ҳудудларини ижтимоий ривожлантириш борасидаги ташаббуслар билан уйғунлаштиришнинг навбатдаги амалий намунаси бўлди.

Мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш