Диене Кейта: Ўзбекистон инсон капиталига сармоя киритиш орқали келажак учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда

Сентябрь 02, 2026. 07:00 • 5 дақ

168
Диене Кейта: Ўзбекистон инсон капиталига сармоя киритиш орқали келажак учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда

НЬЮ-ЙОРК, 2 сентябрь. /“Дунё” АА/. БМТ бош котиби ўринбосари, ташкилотнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ижрочи директори Диене Кейта юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” ААга интервью бериб, Ўзбекистон халқига самимий табрик ва эзгу тилакларини йўллади.

– Бу йил Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини нишонламоқда. Жорий йил май ойида юртимизга қилган ташрифингиз чоғида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қайси жиҳатлари сизда катта таассурот қолдирди?

– Мустақилликнинг 35 йили давомида Ўзбекистон ўзгаришлар кўлами ва суръати билан алоҳида ажралиб туради. Айниқса, сўнгги ўн йилликда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатни ривожлантирди, фуқаролар учун янги имкониятлар яратди ва аҳоли ҳаёт сифатини яхшилади.

2026 йил май ойида Ўзбекистонга қилган ташрифим чоғида бу ўзгаришларнинг ҳаётга қандай татбиқ этилаётганига гувоҳ бўлдим. Мени ҳайратга солган жиҳат – ислоҳотларнинг амалиётда ўз ифодасини топаётганидир. Улар нафақат сиёсат ва давлат институтлари фаолиятида, балки аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, яратилаётган имкониятлар ва ҳатто энг олис маҳаллалардаги оилаларга етиб бораётган кўмакда ҳам намоён бўлмоқда.

Айнан шу инсоний жиҳат Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт йўлини янада таъсирчан қилади. Оналикка эътибор, аёлларнинг таълим олиши, ишлаши ва раҳбарлик лавозимларини эгаллаши учун имкониятларнинг кенгаяётгани бундан далолат беради. Оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ёшлар учун янги шарт-шароитлар яратиш борасида ҳам кўплаб ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Оналар саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишида ҳам сўнгги ўн йилликда кўплаб натижаларга эришилди. Ўзбекистон оналик ва репродуктив саломатликни миллий устувор вазифага айлантирди. Соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ва тиббий ёрдам сифатини оширишга қаратилган изчил инвестициялар оналар ўлимини 2010 йилда ҳар 100 минг тирик туғилган чақалоққа нисбатан 21 ҳолатдан 2025 йилда 10,9 ҳолатгача камайтиришга ёрдам берди.

Келгусида ўсмирлар саломатлигига сармоя киритишни давом эттириш ва соғлом турмуш тарзи бўйича маърифий ишларни олиб бориш ҳозирги ёш авлоднинг янада соғлом бўлиб улғайиши, шунингдек, Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти ва фаровонлигига ҳисса қўшиши учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

UNFPAда ҳар бир аёл хавфсиз шароитда фарзанд кўриши, ўз репродуктив саломатлиги бўйича онгли қарорлар қабул қилиши ва яшаш жойидан қатъий назар, сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиши кераклигига катта эътибор қаратилади.

Гендер тенглиги, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, хотин-қизларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ташаббусларнинг ривожланаётгани кишига умид бағишлайди. Мамлакатингизга ташрифим давомида туман ва шаҳарларда жойлашган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларини кўздан кечирдим.

Ушбу марказлар нафақат ижтимоий ҳимоя ва кўмакни аҳолига яқинлаштирмоқда, балки мураккаб аҳволдаги хотин-қизларга турли хизматларни ҳам кўрсатмоқда. Ташриф чоғида бу марказлар эҳтиёжмандлар учун 100 дан ортиқ ижтимоий хизмат турини бир жойга жамлаганига гувоҳ бўлдим.

Турли хил ёрдам турларини бир жойга жамлаш орқали улар эҳтиёжлар ва инсон ҳуқуқларига асосланган янада яхлит ёндашувни ривожлантиришга кўмаклашмоқда. Энг муҳими, хизматларни хотин-қизлар, кексалар ва оилалар эҳтиёжларига мос, қулай ва мувофиқлаштирилган шаклда тақдим этмоқда.

Бугунги кунда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига алоҳида ижтимоий масала сифатида эмас, балки инсон капиталини ривожлантириш, оилалар фаровонлигини таъминлаш, иқтисодий ўсиш ва миллий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим омил сифатида қаралмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистонда маҳаллалар алоҳида шахслар ва оилаларнинг эҳтиёжларини аниқлаш, уларга муносабат билдириш, фуқароларни тиббий, ижтимоий ва ҳимоя хизматларига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини яратишга кўмаклашишга қодир бўлган маҳаллий ўзини ўзи бошқариш институти сифатидаги имкониятлари ҳам тобора кенгаймоқда.

– Ўзбекистон аҳолига оид маълумотлар ва демографик прогнозлардан инсон капиталига инвестиция киритиш, демографик ўзгаришларни олдиндан баҳолаш ва уларга муносиб жавоб чораларини кўришда қандай фойдаланмоқда? Сизнингча, мамлакат тараққиётининг кейинги босқичида ташкилот Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашда қандай ўрин тутади?

– Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларининг ўтказилгани бу борада муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ташаббуслар мамлакатнинг инсонга йўналтирилган ва далилларга асосланган ривожланишга содиқлиги ортиб бораётганини акс эттиради. Шу билан бирга, улар демографик ўзгаришларни баҳолаш ва келажакни режалаштириш учун мустаҳкам замин яратади.

Аҳолини рўйхатга олиш жамиятда юз бераётган ўзгаришлар – оилалар қандай яшаётгани, ёшлар билан боғлиқ масалалар, аҳолини қийнаётган муаммолар, тенгсизлик, шунингдек, келгуси эҳтиёж ва имкониятлар ҳақида муҳим маълумот беради.

Янги далиллар базаси соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, уй-жой қурилиши, инфратузилма ва ижтимоий ҳимоя каби соҳаларда сиёсатни ишлаб чиқиш ва режалаштиришни янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Бу шиддатли демографик ва иқтисодий ўзгаришлар шароитида Ўзбекистонга ўз тараққиётининг навбатдаги босқичини янада аниқ ва узоқни кўзлаб режалаштириш имконини яратади.

Ўзбекистоннинг асосий бойлиги – унинг халқидир. Ёш ва ўсиб бораётган аҳолиси туфайли мамлакат салмоқли демографик салоҳиятга эга. Истиқболли режалаштириш ва инсон капиталига изчил сармоя киритиш орқали Ўзбекистон демографик дивиденддан самарали фойдаланиб, бу салоҳиятни тобора реал имкониятларга айлантирмоқда.

30 йилдан ортиқ вақт давомида UNFPA Ўзбекистонга бу йўлда фахр билан ҳамроҳлик қилиб келмоқда. Ҳамкорлигимиз доирасида оналик ва репродуктив саломатликни ривожлантириш, гендер тенглигини илгари суриш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли тўғрисидаги маълумотлар тизими ва демографик таҳлилни мустаҳкамлаш, шунингдек, далилларга асосланган давлат сиёсатини илгари суриш бўйича биргаликда иш олиб бордик.

Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг навбатдаги босқичига қадам қўяётган бир пайтда ҳамкорлигимиз нафақат хотин-қизлар учун тиббий ва ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, балки демографик прогнозлаш, аҳоли тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш, демографик барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг демографик таркибидаги ўзгаришлар билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланишга қаратилган. Бу, ўз навбатида, мамлакатга демографик ўзгаришларни яхшироқ англаш ва башорат қилиш, шунингдек, далилларга асосланган қарорларни қабул қилишда ёрдам беради.

Мустақилликнинг 35 йиллигини нишонлар экан, Ўзбекистон инсонга йўналтирилган ислоҳотлар – инклюзив, барқарор ва фаровон жамиятни шакллантиришга қаратилган институтларни мустаҳкамлаш, имкониятларни кенгайтириш ва инсон капиталига сармоя киритиш орқали келажак учун мустаҳкам пойдевор яратди.

UNFPA номидан Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан самимий табриклайман.

Жамғармамиз келгусида ҳам Ўзбекистоннинг барқарор ва фаровон келажакни барпо этиш йўлидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатларини қўллаб қувватлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш