Қозоғистонда янги Конституцияга мувофиқ вице-президент ва бош вазир тайинланди
Август 31, 2026. 14:47 • 2 дақ
• 90
ОСТОНА, 31 август. / “Дунё” АА/. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев бугун янги Конституцияга мувофиқ давлат органларининг янги таркиби шакллантирилганидан сўнг бир қатор кадрларга оид қарорларни имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Қазинформ” ХААга таяниб.
Хусусан, Президент Администрацияси раҳбарининг 50 ёшли биринчи ўринбосари Ерлан Карин Қурултой унинг номзодини маъқуллаганидан сўнг Қозоғистон вице-президенти этиб тайинланди. Вице-президент лавозими Қозоғистоннинг 2026 йил 1 июль куни кучга кирган янги Конституцияси билан жорий этилган.
Янги Конституцияга мувофиқ, вице-президент Президент томонидан Қурултой депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан берилган розилигига асосан тайинланади. У Қурултой, Ҳукумат ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликда Президент номидан иш юритади. Президент муддатидан илгари лавозимидан озод этилган ёки вафот этган тақдирда, давлат раҳбарининг ваколатлари сайловлар ўтказилгунга қадар вице-президентга ўтади.
45 ёшли Олжас Бектенов Бош вазир лавозимини сақлаб қолди. Қайта тайинлов олдидан Президент Қурултойдаги сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари билан учрашув ўтказиб, янги Конституцияга мувофиқ унинг номзоди бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш зарурлигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, янги Конституция жорий йилнинг 15 мартида ўтказилган умумреспублика референдумида қабул қилинган эди. Унинг асосий янгиликларидан бири Сенатнинг тугатилиши ва бир палатали Қурултойга ўтилиши бўлди. 23 август куни Қозоғистонда Қурултойга сайловлар бўлиб ўтди, 28 август куни эса “Адолат” (“Әділет”) партияси етакчиси Айбек Дадебай биринчи чақириқ спикери этиб сайланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси