Нью-Йоркда мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон давлат байроғи кўтарилди
Август 31, 2026. 17:33 • 2 дақ
• 68НЬЮ-ЙОРК, 31 август. /“Дунё” АА/. Нью-Йоркда мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган Ўзбекистон давлат байроғини кўтариш тантанали маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Маросим ўтказиладиган жой сифатида Нью-Йоркнинг энг машҳур ва дунё молиявий маркази рамзи ҳисобланган Уолл-стрит кўчаси танланди. Айнан шу ерда, Манхэттеннинг қоқ марказида мамлакатимизнинг бош давлат байрами кунларида Ўзбекистон давлат байроғи тантанали равишда баланд кўтарилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистоннинг БМТ ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси вакиллари, Нью-Йоркдаги Бош консуллик ходимлари, ўзбек диаспораси ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари, ватандошлар ҳамда шаҳарнинг бошқа миллий жамоалари вакиллари иштирок этди.
Маросимнинг давоми байрамона концерт дастурига уланиб кетди. Унда ўзбек миллий куйлари янгради, миллий рақслар ижро этилди ва бу йиғилганларни Ўзбекистоннинг бой маданияти ҳамда урф-одатлари билан яқиндан таништирди.
Байрам тадбири Нью-Йорк аҳолиси ва кўп сонли меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Йўловчилар тўхтаб, воқеаларни кузатдилар, иштирокчиларга яқинлашиб, Ўзбекистон ва тадбир сабаби билан қизиқдилар. Кўпчилик байрамга қўшилиб, ватандошларимиз билан бирга ўзбек куйларига рақсга тушди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани ва Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари изчил ривожланаётганини таъкидладилар. АҚШда истиқомат қилаётган ватандошларнинг миллий маданиятимизни кенг тарғиб қилиш ва америка жамоатчилиги билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашдаги ролига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбек диаспораси вакиллари Мустақилликнинг 35 йиллиги кунларида Нью-Йоркда Ўзбекистон давлат байроғининг кўтарилиши ватандошларни бирлаштирган ва вaтанимизнинг бош байрами муҳитини шаҳар аҳолиси билан баҳам кўриш имконини берган алоҳида воқеа бўлганини қайд этдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


