АҚШнинг Орегон штати 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб эълон қилди
Август 30, 2026. 17:11 • 2 дақ
• 135СЕЙЛЕМ, 30 август. /“Дунё” АА/. АҚШнинг Орегон штати губернатори Тина Котек 2026 йил 1 сентябрни бутун штат миқиёсида “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” дея эълон қилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги Бош консулхонаси маълумотига таяниб “Дунё” АА мухбири.
Губернатор томонидан имзоланган ва Орегон давлат котиби Тобиас Рид томонидан тасдиқланган прокламацияда Орегоннинг барча аҳолиси ушбу муҳим санани биргаликда нишонлашга чақирилган.
Мазкур тарихий қарор Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан қабул қилинди. Ҳужжатда Ўзбекистоннинг 35 йил давомида ўз суверенитетини мустаҳкамлаб, бой маданий меросини асраб-авайлаш, тинчлик, фаровонлик ва миллий тараққиёт йўлида изчил ривожланиб келаётгани алоҳида қайд этилган.
Прокламацияда, шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, мамлакатнинг халқаро майдондаги фаоллиги ҳамда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратилган.
Орегон раҳбарияти Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар савдо, инвестициялар, технологиялар, таълим, тоза энергетика, туризм ва халқлараро алмашинувлар орқали тобора кенгайиб бораётганини ҳам эътироф этган.
Орегон губернаторининг ушбу қарори Ўзбекистон Мустақиллиги кунининг АҚШнинг бутун бир штати миқёсида расман эътироф этилиши бўлиб, мамлакатимизнинг халқаро нуфузи юксалаётгани, АҚШ–Ўзбекистон муносабатлари эса федерал даража билан бир қаторда штатлар кесимида ҳам янги босқичга кўтарилаётганининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

