Руҳи Эрсой: Ўзбекистон “Учинчи Ренессанс” сари дадил илдамламоқда

Август 31, 2026. 16:33 • 3 дақ

127
Руҳи Эрсой: Ўзбекистон “Учинчи Ренессанс” сари дадил илдамламоқда

АНҚАРА, 31 август. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Аҳмед Жевад тадқиқот институти директори, профессор Руҳи Эрсойнинг Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари етакчи турк оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, “Bengü Türk”, “Independent Türkçe”, “Haber7” каби нуфузли нашрлар олимнинг Ўзбекистон тараққиёти ҳақидаги таҳлилий қарашларини эълон қилди.

Профессор Руҳи Эрсойнинг таъкидлашича, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида минг йилдан ортиқ давлатчилик ва цивилизация анъаналарига эга мамлакат сифатида халқаро майдонда тобора кўпроқ эътибор қозонмоқда.

Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий тараққиётини жадаллаштириб, Ўзбекистонни Туркий дунёнинг юксалаётган марказларидан бирига айлантирмоқда.

Олим Ўзбекистондаги ўзгаришлар кўлами ҳақида сўз юритар экан, мамлакатнинг шаҳарсозлик ва замонавий инфратузилма соҳасидаги йирик лойиҳаларини алоҳида қайд этган. Жумладан, биринчи босқичига 100 миллиард доллар миқдорида инвестиция йўналтирилаётган Янги Тошкент шаҳри қурилиши мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёт мақсадлари ва улкан салоҳиятининг ёрқин ифодаси бўлмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон тараққиётида муҳим ўрин тутаётган ғоялардан бири – “Учинчи Ренессанс” концепциясидир. Бу ғоя тарихий хотирани тиклаш, давлат институтларини мустаҳкамлаш, илм-фан ва таълимни ривожлантириш ҳамда келажак авлод учун фаровон жамият барпо этишга қаратилган узоқ муддатли тараққиёт мақсадини ифодалайди.

Руҳи Эрсой мазкур ғоянинг илдизлари Ўзбекистоннинг бой тарихий меросига бориб тақалишини таъкидлаган. Унинг фикрича, IX–XI асрлардаги Биринчи Ренессанс даврида Самарқанд, Бухоро ва Хоразм каби илм-фан марказларида етишиб чиққан Форобий, Беруний, Ибн Сино ва Мотуридий сингари буюк алломалар жаҳон цивилизацияси ва илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган.

Иккинчи Ренессанс эса Амир Темур ва Темурийлар даври билан боғлиқ бўлиб, бу даврда Самарқанд илм-фан, маданият, санъат ва шаҳарсозликнинг дунёдаги йирик марказларидан бирига айланган. Бугунги “Учинчи Ренессанс” ғояси ана шу икки буюк юксалиш даврининг замонавий давоми сифатида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар фақат иқтисодий соҳалар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Миллий ўзликни мустаҳкамлаш, тарихий ва маданий меросни асраб-авайлаш, оила институтини қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳалла маданиятини сақлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, қайта тикланган ва ободонлаштирилган Имом Бухорий мажмуаси ислом цивилизацияси меросини асраш ва келажак авлодга етказиш йўлида амалга оширилган муҳим ишлардан бири сифатида қайд этилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш