Покистонда ўзбек адабиёти ва тилшунослигига бағишланган китоблар чоп этилди
Май 23, 2026. 09:10 • 4 дақ
• 118ИСЛОМОБОД, 23 май. /“Дунё” АА/. Покистон Миллий тилларни ривожлантириш департаментида таниқли ўзбек ёзувчиларининг ҳикоялари ўрин олган “XX аср насри намуналари” китоби ҳамда “Ўзбек ва урду тилларидаги муштарак сўзлар” луғатининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Покистон миллий мерос ва маданият федерал вазири Аврангзеб Хон Кҳичи, Сенат Раисининг маслаҳатчиси Мисбаҳ Кҳар, Сенат аъзоси Муҳаммад Талҳа Маҳмуд, турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, парламент палаталари аъзолари, Туркманистон, Россия, Туркия, Тожикистон, Эрон элчилари ва дипломатлар, бизнес ва илмий-академик доиралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, Исломобод ва унга туташ ҳудудларда истиқомат қилувчи ватандошлар қатнашди.
Тақдимотни Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев очиб берди. У мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларига алоҳида эътибор қаратди.
Элчи Ўзбекистон–Покистон муносабатларининг бугунги ҳолати хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5–6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама шериклик муносабатларини барча йўналишда янги босқичга кўтарганини қайд этди. Тақдимоти ўтказилаётган мазкур китоблар ушбу ташриф доирасида маданий-маърифий соҳада эришилган келишувларнинг амалий ифодаси эканини таъкидлади.
Тошмирза Холмирзаевнинг “Ўзбек ва урду тилларидаги муштарак сўзлар” луғати кўп йиллик илмий изланишлари маҳсулидир. Зеро, урду ва ўзбек тилларидаги муштарак сўзлар кўп асрлик тарихий жараён самарасидир. Китобда урду ва ўзбек тилларида маънодош тўрт мингга яқин сўз жамланган. Мазкур луғат урду ва ўзбек тилларини ўрганаётган талабалар, ўқитувчилар, таржимонлар ҳамда тадқиқотчилар учун муҳим амалий қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Урду тилида нашр этилган “XX аср насри намуналари” китобида ўзбек адабиётининг атоқли намояндалари – Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Саида Зунунова, Ўткир Ҳошимов ва Шукур Холмирзаев ижодига мансуб элликка яқин ҳикоялар ўрин олган.
Сенат аъзоси Талҳа Маҳмуднинг таъкидлашича, Ўзбекистон–Покистон муносабатлари Президент Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракати туфайли энг яхши даврни бошдан кечирмоқда. Сенатор Ўзбекистоннинг барча давлатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатишга интилаётгани ва жаҳон сиёсий саҳнасида муҳим иштирокчига айланаётганини ҳам алоҳида эътироф этди.
Покистон Миллий тилларни ривожлантириш департаменти бош директори Муҳаммад Салим Мазҳар ўз нутқида адабиёт ва маданият халқларни бир-бирига яқинлаштирувчи энг катта маънавий куч эканига эътибор қаратди. У департаменти томонидан чоп этилган “Ўзбек ва урду тилларидаги муштарак сўзлар” луғати муассаса учун катта шараф эканини таъкидлади. Китобни нашр этишда яқиндан кўмаклашган Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ҳамда таржимоннинг оила аъзоларига чуқур миннатдорлик билдирди.
Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, филология фанлари номзоди Муҳайё Абдураҳмонова сўнгги йилларда мамлакатимизда санъат, маданият ва адабиёт соҳаларини қўллаб-қувватлаш, ўзбек адабиётининг етук вакиллари асарларини хорижий тилларга таржима қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди. У “XX аср насри намуналари” китоби ўзбек адабиёти намуналарини халқаро майдонда тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадам эканини қайд этди.
“Ўзбек ва урду тилларидаги муштарак сўзлар” луғати муаллифи Тошмирза Холмирзаев мазкур луғатни яратишдан мақсад икки халқнинг азалий маданий ва тил алоқаларини янада мустаҳкамлашдан иборат эканини алоҳида таъкидлади.
“Ўзбекистонда адабиёт ва таржима соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Миллий ва жаҳон адабиёти намуналарини таржима қилиш, ёш таржимонларни қўллаб-қувватлаш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қўлингиздаги “Ўзбек-урду” луғати мамлакатларимиз таржимонларига машҳур асарларни таржима қилишда, ёшларнинг тил ўрганишига фойда келтирса биз ўз мақсадимизга етган бўламиз”, – деди Тошмирза Холмирзаев.
Покистон миллий мерос ва маданият федерал вазири Аарангзеб Кҳичи ҳам юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, аҳоли фаровонлигини ошириш, улуғ аждодлар меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб қилиш борасидаги “Ўзбекистон модели”ни эътироф этди.
“Ўзбекистонга ташрифларим чоғида ислоҳотлар жараёнининг бевосита гувоҳи бўлганман. Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар бизда ҳам ўз аксини топмоқда. Покистон ҳукумати Ўзбекистон Президентининг маданий-маърифий ва тарихий меросга оид ташаббусларини юксак қадрлайди”, – деди федерал вазир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси














