Сиэтлда “Омонатим” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди
Май 21, 2026. 14:55 • 2 дақ
• 97СИЭТЛ, 21 май. /“Дунё” АА/. АҚШнинг Сиэтл шаҳрида маҳаллий аҳоли ва ватандошлар иштирокида “Омонатим” ўзбек бадиий фильми премьераси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Фильм премьерасига Сиэтл–Тошкент биродарлашган шаҳарлар ташкилоти аъзолари, АҚШда истиқомат қилаётган ватандошлар ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари ташриф буюрди.
“Омонатим” филми ўзбек оилавий анъаналари, миллий урф-одатлари ва илиқ, самимий муҳит тасвири билан томошабинларни мафтун этди. Ўзбекистоннинг тарихий обидалари, бетакрор табиати ва миллий руҳияти акс этган саҳналар америкалик меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Тадбирда режиссёр Аббос Абдуллаев сўзга чиқиб, сўнгги йилларда ўзбек киноси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёш ижодкорлар учун яратилаётган имкониятлар, миллий фильмларни халқаро майдонга олиб чиқиш борасидаги ишлар ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, режиссёр “Омонатим” фильмининг яратилиш тарихи ва унинг асосий ғояси ҳақида тўхталиб ўтди. Намойишдан сўнг, фильм ижодкорлари билан мулоқот ўтказилиб, фильм мазмуни, қаҳрамонлар образи ва суратга олиш жараёнлари ҳақида савол-жавоб бўлиб ўтди.
Иштирокчилар Ўзбекистоннинг Вашингтон штатидаги дипломатик ваколатхонаси фаолиятини алоҳида эътироф этиб, дипломатлар ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасида турли чора-тадбирларни амалга ошираётганини таъкидлади.
Америкалик томошабинлар Ўзбекистон маданияти ва сайёҳлик салоҳиятига қизиқиши ортиб бораётганини қайд этиб, келажакда мамлакатга ташриф буюриш истагини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, йил бошида “Омонатим” фильми Вашингтонда ҳам намойиш этилган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







