Сеулда Марказий Осиё баҳор фестивали бўлиб ўтди
Май 18, 2026. 14:25 • 2 дақ
• 108СЕУЛ, 18 май. /“Дунё” АА/. Сеул шаҳрида Корея – Марказий Осиё ҳамкорлик форуми доирасида 2026 йилги Марказий Осиё баҳор фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур фестиваль Марказий Осиё давлатлари элчихоналари ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти, санъати ва туризм салоҳияти намойиш этилди.
Фестивалда Қашқадарё вилоятидан ташриф буюрган санъаткорлар томонидан миллий мусиқа ва рақс санъати намуналари тақдим этилди. Хусусан, рубоб ва доира каби анъанавий чолғу асбоблари жўрлигида ижро этилган халқ қўшиқлари ва рақслари фестиваль меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.
Шу билан бирга, фестиваль доирасида ташкил этилган Ўзбекистон миллий павильонида мамлакатимизнинг анъанавий ҳунармандчилик намуналари кенг намойиш қилинди. Хусусан, кулолчилик ва ёғоч ўймакорлиги буюмлари, миллий либослар, чолғу асбоблари, тўқимачилик маҳсулотлари, миниатюра ва рассомчилик асарлари ташриф буюрувчиларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир қатнашчиларига Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, тарихий обидалари ва замонавий инфратузилмаси ҳақидаги тарғибот материаллари ҳам тақдим этилди.
Шунингдек, миллий таомлар, ширинликлар, қуритилган мевалар ва ичимликлар кўргазмаси меҳмонларга ўзбек гастрономик маданияти билан яқиндан танишиш имконини берди.
Фестиваль доирасида ўтказилган маданий дастурлар Ўзбекистоннинг бой меросини Корея Республикаси жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси








