Тошкентда Ўзбекистон-Германия ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Май 21, 2026. 15:25 • 2 дақ
• 60ТОШКЕНТ, 21 май. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда Ўзбекистон-Германия ишбилармонлар кенгашининг 10-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги амалий мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов, “Knauf Group” компаниясининг ижрочи ҳамкори Уве Кнотсер, Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси директори Михаэлm Хармс ҳамда ГФРнинг мамлакатимиздаги элчиси Манфред Хутерер иштирок этди.
Сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий шериклик изчил ривожланиб бораётгани, сўнгги йилларда икки мамлакат компаниялари ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилганини таъкидладилар. Унда Германия ишбилармон доираларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, қулай инвестиция муҳити ва инфратузилмани модернизация қилиш жараёнлари хорижий инвесторлар учун янги имкониятлар яратаётгани билдирилди.
Ишбилармонлар кенгашининг Михаэлm Хармс модераторлигида ўтган йиғилиши автосаноат, IT, геология ва саноат соҳаларига инвестиция киритиш масалаларига бағишланди. Унда “Ўзавтосаноат”, “Volkswagen”, “IT Park”, “Schwarz Digits”, “Henkel”, “CLAAS”, “Control Union”, “Telc”, “Ernst Klett Sprachen”, “Procab”, “Akfa group”, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” ва “Янги Ўзбекистон” университети вакиллари маърузалар билан иштирок этди. Тадбир давомида икки томонлама музокаралар ўтказилди.
Музокараларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, энергия самарадорлигини ошириш, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш, “яшил” технологияларни жорий этиш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, қурилиш ва коммунал соҳаларга замонавий ёндашувларни олиб кириш, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш ҳамда Германия тажрибасини Ўзбекистон амалиётига татбиқ этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, малакали кадрлар тайёрлаш, касбий таълимни ривожлантириш, инновацион ечимларни қўллаш ва Германия компаниялари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди. Икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида B2B учрашувлар ўтказилди. Уларда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, инвестиция ташаббусларини илгари суриш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







