Сиэтлда “Ўзбек маҳалласи” жамоат бирлашмаси ташкил этилди
Июль 07, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 79СИЭТЛ, 7 июль. /“Дунё” АА/. Вашингтон штати Сиэтл шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошларимиз ташаббуси билан ушбу ҳудуддаги расмий ташкилот – “Ўзбек маҳалласи” жамоат бирлашмаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур бирлашма Вашингтон штати ҳукумати томонидан расман рўйхатдан ўтказилди. Штат давлат котиби Стив Хоббс томонидан ушбу ташаббуснинг ҳуқуқий эътироф этилиши Сиэтлдаги ўзбек жамоаси ҳаётида тарихий воқеа бўлди.
Бугунги кунда Вашингтон штатида 3 мингдан зиёд ўзбекистонлик яшайди. Уларнинг аксарият қисми Сиэтл ва унинг атрофидаги “Microsoft”, “Amazon”, “Google”, “Boeing”, “Oracle”, “NVIDIA” каби жаҳоннинг йирик технологик ҳамда трансмиллий компанияларида дастурий таъминот, сунъий интеллект, муҳандислик, авиация, тиббиёт ва тадбиркорлик соҳаларида муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.
“Ўзбек маҳалласи” жамоат бирлашмаси раиси этиб АҚШ давлат бошқаруви тизимида 15 йиллик тажрибага эга бўлган, ҳозирда Вашингтон штати Тузатиш ишлари департаментида бошқарувчи лавозимида ишлаётган ҳамюртимиз Мусо Холмуродов тайинланди.
Ушбу жамоат бирлашмаси ватандошларни бирлаштириш, миллий байрамлар ва маданий тадбирларни ташкил этиш, АҚШга янги келган юртимиз фуқароларининг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш, ёш авлод қалбида она тили ва миллий қадриятларга меҳр уйғотиш каби муҳим вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

