Тошкентда технологик дипломатия ва минтақавий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Октябрь 14, 2026. 17:30 • 4 дақ

• 75
Тошкентда технологик дипломатия ва минтақавий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкентда технологик дипломатия ва минтақавий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тошкентда технологик дипломатия ва минтақавий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

ТОШКЕНТ, 14 октябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Технологик дипломатия бўйича Осиё симпозиуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нуфузли тадбирда Марказий Осиё ҳамда Осиё-Тинч океани минтақаси давлат органлари, дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, технология ва бизнес соҳалари, академик доиралар вакиллари иштирок этди.

Симпозиум Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Технологик дипломатия халқаро институти (Tech Diplomacy Global Institute, TDGI) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Иштирокчиларнинг асосий эътибори технологик дипломатияни ривожлантиришнинг амалий механизмлари, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақавий салоҳиятни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.

Симпозиум 2025 йил 1 ноябрь куни ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида қабул қилинган Технологик дипломатия бўйича Самарқанд декларациясига асосланган халқаро ташаббуснинг узвий давоми бўлди.

Мазкур ҳужжат сунъий интеллект ва рақамли технологияларнинг шиддат билан тарқалиши ҳамда киберхавфсизлик соҳасидаги янги хавф-хатарлар шароитида технологик дипломатияни институционал жиҳатдан ривожлантириш ва дипломатик хизматлар салоҳиятини оширишнинг асосий йўналишларини белгилаб берди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев халқаро технологик ҳамкорлик фақат технология алмашинуви билан чекланиб қолмасдан, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, малакали кадрлар тайёрлаш ва маҳаллий инновацияларни қўллаб-қувватлашни ҳам ўз ичига олиши лозимлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари учун сунъий интеллект, рақамли саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув тежовчи технологиялар ва замонавий инфратузилма соҳаларидаги қўшма лойиҳалар алоҳида аҳамият касб этади. У инсон капиталига инвестиция киритиш, академик алмашинувларни кенгайтириш, қўшма илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиш, муҳандислар ва рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари учун таълим дастурларини ишлаб чиқиш муҳим йўналишлардан бири эканини қайд этди.

“Одамлар, уларнинг билими ва кўникмалари технологик ҳамкорликнинг марказида туриши лозим”, ­– дея таъкидлади Баҳромжон Аълоев. У ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигига эътибор қаратди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Мунира Аминова рақамли трансформация таъсирида дипломатиянинг моҳияти ўзгариб бораётганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, халқаро муносабатларга дахлдор қарорлар бугунги кунда нафақат давлат идоралари, балки технологик компаниялар, инвесторлар, илмий-тадқиқот муассасалари ва халқаро техник стандартларни ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан ҳам қабул қилинмоқда.

Сунъий интеллект, рақамли инфратузилма, трансчегаравий маълумотлар оқими ва киберхавфсизлик масалалари миллий хавфсизлик, иқтисодий рақобатбардошлик ва халқаро муносабатларга тобора кучлироқ таъсир ўтказмоқда.

Бундай шароитда технологик дипломатия турли томонлар манфаатларини уйғунлаштириш, умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш ва инновацияларнинг масъулият билан жорий этилишини таъминлашда муҳим воситага айланмоқда.

TDGI асосчиси ва президенти Аюми Мур Аоки томонидан Самарқанд декларациясини татбиқ этиш бўйича Тошкент баёнотининг тақдим этилиши тадбирнинг муҳим босқичларидан бири бўлди. Ушбу ҳужжат ташаббусни амалга оширишнинг келгуси йўналишларини белгилаш ҳамда технологик дипломатиянинг халқаро кун тартибида минтақавий устувор манфаатларни илгари суришга хизмат қилади.

Аюми Мур Аоки Ўзбекистоннинг мазкур йўналишни ривожлантиришдаги ролига юксак баҳо бериб, мамлакатнинг минтақавий ва халқаро мулоқотни фаол қўллаб-қувватлаётганини, шунингдек, сунъий интеллект ва рақамли трансформация масалаларига катта эътибор қаратаётганини эътироф этди.

Унинг фикрича, технологик дипломатия ҳукуматларнинг технология компаниялари, илмий доиралар, тадқиқотчилар ва халқаро ташкилотлар билан узвий ҳамкорлигини назарда тутади. Бундай ёндашув янги технологиялар бутун жамият манфаатларига хизмат қилиши учун турли томонларнинг экспертлик билимлари ва амалий имкониятларини бирлаштиришга имкон беради.

Аюми Мур Аоки технологик суверенитетга фақат давлатнинг барча зарур ечимларни мустақил таъминлаш қобилияти сифатидагина қарамаслик лозимлигини таъкидлади. Бунда халқаро ишонч, шериклик ришталари ҳамда давлатларнинг технологияларни биргаликда ривожлантириш ва ўз фуқароларининг рақамли имкониятларини кенгайтиришга бўлган интилиши муҳим ўрин тутади.

Ишбилармонлик дастури якунида хорижий меҳмонлар учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўйлаб экскурсия ташкил этилди ва улар мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш