Тошкентда “Aquatherm Tashkent – 2026” халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади
Октябрь 06, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 271ТОШКЕНТ, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Тошкентда иситиш, шамоллатиш, ҳавони тозалаш, сув таъминоти, сантехника, экология ва қайта тикланувчи энергия йўналишидаги замонавий технологияларга бағишланган “Aquatherm Tashkent – 2026” 14-халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кўргазма 6–8 октябрь кунлари “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида бўлиб ўтади. Унда 11 давлат – Беларусь, Германия, Эрон, Италия, Қозоғистон, Хитой, Корея Республикаси, Польша, Россия, Туркия ва Ўзбекистондан 200 дан зиёд компания ҳамда брендлар иштирок этмоқда.
Экспозиция қурилиш ва коммунал инфратузилма учун мўлжалланган кенг турдаги ускуна ва технологияларни қамраб олган. Хусусан, иситиш жиҳозлари, қувурлар, фитинглар, қувур ўтказгич арматуралар, сув таъминоти ва оқизиш (канализация) тизимлари, вентиляция ва иқлим назорати ускуналари, назорат-ўлчов асбоблари, автоматлаштириш тизимлари ва сантехника маҳсулотлари намойиш қилинмоқда.
Иссиқлик насослари, “ақлли” иситиш тизимлари, насос ускуналари, сув тозалаш жиҳозлари ҳамда оқова тизимлари каби замонавий энергия тежамкор техникаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Кўргазма доирасида миллий ва жамоавий экспозициялар фаолият юритмоқда. Жумладан, “China Pavilion”да турар-жой, саноат ва тижорат объектлари учун Хитойнинг замонавий ускуналари тақдим этилмоқда.
Шунингдек, сув таъминоти ва канализация, шамоллатиш ва ҳавони тозалаш, иситиш, иссиқлик изоляцияси ҳамда сантехника ускуналарини ўз ичига олган Москва компанияларининг жамоавий экспозицияси ҳам ташкил этилган.
Тадбирлар доирасида ишбилармонлар учун маҳорат дарслари, профессионал ускуналарни амалда синаб кўриш ҳамда соҳа мутахассислари билан учрашувлар ўтказилади. Монтажчилар учун “TEXNAR PRO UZBEKISTAN” касбий маҳорат танлови ташкил этилди.
Мазкур кўргазма янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, ускуналар етказиб берувчиларни топиш ҳамда муҳандислик тизимлари ва коммунал инфратузилмани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



