Андижон Беларусь ҳудудлари билан профессионал таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Октябрь 14, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 5
МИНСК, 14 октябрь. /“Дунё” АА/. Андижон ва Беларусь ҳудудларининг профессионал таълим бошқармалари вакиллари ўртасида касбга тайёрлаш соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Томонлар дуал таълим тизимини ривожлантириш доирасида қурилиш, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва машинасозлик йўналишларида малакали кадрлар тайёрлаш, замонавий таълим технологияларини жорий этиш, педагоглар малакасини ошириш ва ўқувчилар учун ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Музокараларда икки давлат ҳудудларидаги техникум ва коллежлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, ўзаро тажриба алмашиш ва амалиётларни ташкил этиш юзасидан келишувларга эришилди.
Мазкур ҳамкорлик лойиҳалари Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида профессионал таълим сифатини ошириш, меҳнат бозори талабларига мос мутахассислар тайёрлаш ва ҳудудлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси