Тошкентда Ўзбекистон-Британия қўшма иқтисодий қўмитасининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди
Октябрь 10, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 114
ТОШКЕНТ, 10 октябрь. /“Дунё” АА/. Кеча Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Британия қўшма иқтисодий қўмитасининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Буюк Британиянинг савдо бўйича давлат вазири Анас Сарвар раислик қилди.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, томонлар ўзаро савдо, инвестициялар ва саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Йиғилишида жорий йилнинг январь–август ойларида икки томонлама товар айирбошлаш 12,6 фоизга ўсиб, 250 миллион АҚШ долларига яқинлашгани мамнуният билан қайд этилди.
Муҳокама чоғида Буюк Британиянинг савдо имтиёзлари тизими (DCTS)ни жорий этиш, сертификатлаштириш жараёнларини соддалаштириш, техник тўсиқларни бартараф этиш ва ўзбек маҳсулотларини Британиянинг йирик савдо тармоқларига олиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, 46 та лойиҳани амалга ошириш, “UK Export Finance” иштирокида молиялаштириш масалалари, Тошкент халқаро молия марказини ривожлантириш ҳамда электротехника, муҳим минераллар, фармацевтика ва транспорт машиносозлиги соҳаларида кооперацияни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Мажлис якунида савдо, инвестициялар, саноат, рақамли технологиялар, молия ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги келишувларни мустаҳкамловчи қўмитанинг иккинчи йиғилиши баённомаси имзоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси