Тошкент вилоятида Япониянинг кардиожарроҳлик ва реабилитация клиникасини очиш режалаштирилмоқда
Ноябрь 14, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 14ТОКИО, 14 ноябрь. /“Дунё” АА/. Тошкент вилоятида Япониянинг “Kitahara Medical Strategies International” компаниясининг кардиожарроҳлик, нефрология ва реабилитацияга ихтисослашган хусусий клиникаси барпо этиш бўйича келишувга эришилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг Японияга ташрифи чоғида муҳокама қилинди.
Делегация “Kitahara Medical Strategies International” тиббиёт муассасасига ташриф буюриб, замонавий тиббий хизматларни йўлга қўйиш, малакали кадрлар тайёрлаш, нейрореабилитация ва беморларни узлуксиз парваришлаш тизими бўйича Япония тажрибаси билан танишди.
Ташриф доирасида компания президенти Шигеми Китахара билан учрашув бўлиб ўтди. Унда томонлар Тошкент вилоятида замонавий тиббиёт инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг юқори технологияли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда Япония амалиётини ҳудудий соғлиқни сақлаш тизимига татбиқ этиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Музокаралар давомида кардиожарроҳлик, нефрология ва реабилитация йўналишларига ихтисослашган хусусий клиника қуриш бўйича келишувга эришилди. Мазкур лойиҳа амалга оширилса, у компаниянинг Ўзбекистондаги иккинчи тиббиёт муассасаси бўлади. Биринчи муассасани Тошкент шаҳрида бунёд этиш режалаштирилган.
Томонлар вилоятда инсультни бошдан кечирган беморлар учун ихтисослаштирилган нейрореабилитация марказини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратди. Япония томони марказнинг фаолият модели ва клиник протоколларини ишлаб чиқиш, маҳаллий тиббиёт мутахассисларининг малакасини оширишда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
“Kitahara Medical Strategies International” компанияси 1995 йилда Токио префектурасининг Ҳачиожи шаҳрида ташкил этилган бўлиб, “Kitahara” тиббиёт гуруҳи таркибига киради. Мазкур гуруҳ бош мия ва юрак-қон томир тизими касалликларини даволаш, нейрожарроҳлик ҳамда реабилитацияга ихтисослашган.
Ҳозирда Японияда гуруҳнинг тўртта тиббиёт муассасаси, жумладан, 100 ўринли “Kitahara” халқаро шифохонаси ва 94 ўринли реабилитация шифохонаси фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, гуруҳ Камбоджа, Вьетнам ва Лаосда ҳам ўз тиббиёт муассасаларига эга.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

