Токио шаҳрида Ўзбекистоннинг миллий туристик стенди намойиш этилди

Сентябрь 28, 2026. 16:00 • 2 дақ

• 90
Токио шаҳрида Ўзбекистоннинг миллий туристик стенди намойиш этилди

ТОКИО, 28 сентябрь. /“Дунё” АА/. Япония пойтахтида “Tourism EXPO Japan 2026” халқаро туристик кўргазмаси ўз ишини якунлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Кўргазма доирасида мамлакатимиз элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Миллий PR-маркази иштирокида ташкил этилган Ўзбекистон миллий стендининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Миллий стендда Ўзбекистоннинг олтита сайёҳлик компанияси, “Uzbekistan Airways” АЖ, шунингдек, “Moel Bosh” миллий дизайнерлик бренди вакиллари ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этдилар.

Ўзбекистон стенди кўргазма павильонининг марказий қисмидан жой олди. У табиий ёғоч материалларидан фойдаланилган ҳолда миллий услубда безатилиб, ташриф буюрувчиларнинг эътиборини ўзига тортди.

Кўргазма доирасида япониялик ҳамкор компаниялар билан учрашувлар ўтказилиб, уларда янги сайёҳлик маҳсулотлари тақдимоти ҳамда Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон миллий стендига Япония туристик агентликлари ассоциацияси (JATA) раиси Юдзи Хара, Қирғизистоннинг Япониядаги элчиси Эркинбек Осоев, Туркиянинг Невшехир вилояти губернатори Ҳюсейн Кёк, шунингдек, Каппадокия минтақаси президенти Айдин Джем Асланбай ҳам ташриф буюрдилар.

“Tourism EXPO Japan” Япония Туризм агентлиги, Япония туристик агентликлари ассоциацияси (JATA) ва Япония миллий туристик ташкилоти (JNTO) ҳамкорлигида ҳар йили ўтказиладиган энг йирик халқаро туристик кўргазмалардан биридир.

2025 йилда мазкур кўргазмада дунёнинг 82 та давлати ва минтақасидан 1350 та компания ҳамда ташкилот иштирок этган бўлиб, ташриф буюрувчилар сони қарийб 130 минг кишини ташкил қилган эди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш