Япон компанияси билан Бўстонлиқдаги қурилиш лойиҳасини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
Ноябрь 16, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 60
ТОКИО, 16 ноябрь. /“Дунё” АА/. Зойир Мирзаев бошчилигидаги Тошкент вилояти делегацияси “Sasaki Kasetsu Investment Co., Ltd.” компанияси президенти Морио Сасаки билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу япон компанияси қурилиш-монтаж ишларига ихтисослашган. Айни пайтда у Бўстонлиқ туманида умумий қиймати 8,5 миллион доллар бўлган турар жой ва савдо мажмуасини барпо этмоқда. Лойиҳа доирасидаги учта турар жой мажмуасидан иккитасининг қурилиши тўлиқ якунланган, учинчисида эса ишлар давом этмоқда.
Музокараларда лойиҳани белгиланган муддатда якунлаш, уни амалга ошириш жараёнидаги масалаларни ҳал этиш ва кейинги босқичда инвестициялар ҳажмини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Хусусан, Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ дам олиш ҳудудида меҳмонхона ёки замонавий дам олиш мажмуасини қуриш имкониятлари муҳокама қилинди. Бу ҳудуднинг туристик салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, компания тажрибасидан фойдаланган ҳолда, “Янги Тошкент” лойиҳаси доирасида турар жой ёки тижорат объектларини барпо этиш таклифи илгари сурилди.
Кадрлар тайёрлаш йўналишидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Япон компаниясининг баландликда ишлаш, махсус қурилиш ускуналари ва ҳовузлар ўрнатиш бўйича тажрибасига таяниб, Ангрен шаҳрида маҳаллий қурувчилар учун ўқув дастурини ташкил этиш таклиф қилинди.
Дастур доирасида мутахассислар назарий ва амалий жиҳатдан ўқитилиб, малакаси оширилади. Шунингдек, улар келгусида вилоятдаги қурилиш объектларида ва Японияда меҳнат фаолиятини давом эттириш имкониятига эга бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси