Индонезия пойтахтида мактаб ўқувчиларига Ўзбекистон тарихи ва маданияти таништирилди
Ноябрь 16, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 42ЖАКАРТА, 16 ноябрь. /“Дунё” АА/. Индонезия пойтахтидаги “Labschool Kebayoran” ўрта мактабида “International Cultural Day 2026 – Global Window” халқаро дастури доирасида “Ўзбекистон куни” ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирнинг асосий мақсади индонезиялик мактаб ўқувчиларини Ўзбекистоннинг тарихий мероси, маданий-маънавий қадриятлари, мамлакатнинг замонавий тараққиёти ва халқаро ҳамкорлик имкониятлари билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
Дастур доирасида Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси “Discover Uzbekistan” лойиҳасини тақдим этди. Шунингдек, мактабда миллий анъаналар, маданий мерос, ноёб архитектура ёдгорликлари ва юртимизнинг бугунги тараққиётига бағишланган махсус “Ўзбекистон синфхонаси” ташкил этилди.
Тақдимот чоғида ўқувчиларга мамлакатимиз тарихи, унинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, иқтисодий салоҳияти, экспорт имкониятлари, бой табиий ресурслари ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Буюк ипак йўлининг қадимий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент, шунингдек, юртимизнинг туристик ҳамда таълим салоҳияти ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Учрашувнинг алоҳида қисми Имом Бухорий, Имом Термизий, Муҳаммад ал-Хоразмий ва Мирзо Улуғбек каби Ўзбекистоннинг буюк аллома ва мутафаккирларига бағишланди. Ўқувчиларга уларнинг жаҳон фани ва цивилизацияси тараққиётига қўшган бебаҳо ҳиссаси ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, Мовароуннаҳр олимларининг Жануби-Шарқий Осиё, хусусан, Индонезияда ислом таълимотини тарқатиш ва ривожлантиришдаги ўрни қайд этилди. Имом Бухорий меросининг индонезиялик ёшларнинг маънавий тарбияси ва илмий дунёқарашини шакллантиришдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Мактаб ўқувчиларига Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, барқарор иқтисодий ўсиши ҳамда халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани тўғрисида сўзлаб берилди. Шунингдек, Индонезия фуқаролари учун жорий этилган 30 кунлик визасиз режим алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тадбир ўқувчилар ва ўқитувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Учрашув якунида мактаб ўқувчилари Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, таълим тизими ва туристик имкониятлари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Мактаб маъмурияти ва ота-оналар ушбу тадбирни юқори баҳолаб, унинг ёшларнинг Ўзбекистон ҳақидаги билимларини кенгайтириш, мамлакатимизнинг Индонезиядаги ижобий имижини мустаҳкамлаш ҳамда икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришдаги аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




