Ўзбекистон ва Чехия меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ноябрь 16, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 4ПРАГА, 16 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон делегацияси Чехияда меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор тадбирларда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, мамлакатимизнинг Чехиядаги элчихонасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги вакиллари, чехиялик иш берувчи ва рекрутинг компаниялари иштирокида бизнес-форум ташкил этилди.
Учрашувда Чехия меҳнат бозоридаги мавжуд эҳтиёжлар, Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб этиш имкониятлари, талаб этиладиган касбий малака ва кўникмалар, ишга жойлаштириш жараёнларини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Чехия компаниялари вакиллари Ўзбекистон билан меҳнат миграцияси йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди. Суҳбат чоғида қурилиш, хизмат кўрсатиш, мавсумий ишлар ҳамда тиббиёт соҳаларида малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж алоҳида қайд этилди.
Шу билан бирга, ишчи кучини танлаш ва ишга жойлаштириш жараёнларини қонуний ҳамда шаффоф асосда ташкил этиш, номзодларнинг касбий тайёргарлигини таъминлаш ва виза расмийлаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди.
Прагада бўлиб ўтган юқори даражадаги мансабдор шахслар йиғилишида ҳам Ўзбекистон делегацияси вакиллари иштирок этди. Унда халқаро миграция жараёнларини тартибга солиш, давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан муҳокамалар ўтказилди. Ўзбекистон вакили мамлакатимизнинг миграция соҳасидаги ёндашувлари ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги позициясини баён этди.
Мазкур тадбирлар Ўзбекистон ва Чехия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, Чехия иш берувчилари билан бевосита алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг хорижда қонуний ва муносиб меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



