Германиянинг Потсдам шаҳрида Ўзбекистон мутахассислари иштирокида тарихий меросни асраш ва замонавий шаҳарларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Ноябрь 16, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 5ПОТСДАМ, 16 ноябрь. /“Дунё” АА/. Потсдам амалий фанлар университетида Ўзбекистон ва Германия олий таълим муассасалари вакиллари иштирокида тарихий меросни асраш ва замонавий шаҳарсозлик масалаларига бағишланган илмий-амалий конференция ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Германия академик алмашинув хизмати (DAAD)нинг “Шарқ билан ҳамкорлик” ҳамда “Erasmus+” дастурлари доирасида ташкил этилди.
Конференцияда Тошкент архитектура-қурилиш, Самарқанд давлат, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш, Бухоро давлат ва Бухоро давлат техника университетлари вакиллари қатнашди.
Муҳокамаларда тарихий шаҳарлар ва маҳаллаларни асраш, янги қурилишларни мавжуд меъморий муҳитга уйғунлаштириш ҳамда биноларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш масалалари юзасидан сўз юритилди.
Мамлакатимизнинг Германиядаги элчиси Дилшод Ахатов ва университет президенти, профессор Ева Шмитт-Родермунд мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Бухоро ва Самарқанд мисолида маҳалла меъморчилиги ва ижтимоий ҳамжиҳатлик, Тошкент тажрибаси асосида эса модернизм даври биноларини замонавий эҳтиёжларга мослаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Профессор Филипп Мойзер Тошкентнинг 1966 йилдаги зилзиладан кейин қайта қурилиши ва шаҳар янгиланишининг меъморий мерос, аҳоли манфаатлари ҳамда тарихий хотирага таъсирига бағишланган илмий монографияси ҳақида сўз юритди.
Қурилиш хавфсизлиги ва қулай шаҳар муҳитига оид тақдимотларда биноларни мустаҳкамлаш, транспорт шовқинини баҳолаш, иқлим ўзгаришига мослашиш ҳамда маҳаллаларда “15 дақиқалик шаҳар” концепциясини синов тариқасида жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.
Ўқув дастурида рақамли ва дуал таълим ҳамда қўшма тадқиқотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, очиқ таълим ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ва Тошкент архитектура-қурилиш университети билан Потсдам амалий фанлар университети ўртасида дуал таълим бўйича тажриба лойиҳасини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



