Тошкент халқаро инвестиция форумида умумий активлари 42 триллион доллар бўлган хорижий компаниялар иштирок этади
Июнь 13, 2026. 17:00 • 3 дақ
• 68
ТОШКЕНТ, 13 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирлигида бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форумига кўрилган тайёргарликка бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазири Лазиз Қудратов оммавий ахборот воситалари вакилларига бўлажак форумнинг асосий кўрсаткичларини тақдим этди ва тадбирнинг миқёси ҳақида сўзлаб берди.
Унинг айтишича, бугунги кунга қадар форумда иштирок этиш учун 9,1 мингдан ортиқ киши, шу жумладан 102 та давлатдан 3 454 нафар хорижий делегат рўйхатдан ўтган. Шу билан бирга, иштирокчиларни рўйхатга олиш жараёни ҳануз давом этмоқда.
Матбуот анжуманида форумда қатнашишини тасдиқлаган компанияларнинг умумий активлари қарийб 42 триллион долларни ташкил этиши, бу эса жаҳон ялпи ички маҳсулотининг деярли 38 фоизига тенг эканлиги алоҳида қайд этилди. Иштирокчилар сафида молия, энергетика, машинасозлик, логистика ва юқори технологиялар соҳаларида фаолият юритаётган етакчи халқаро молия институтлари ва корпорациялар раҳбарлари ҳамда вакиллари эълон қилинган.
Агар ўтган йили форумда 26 та ҳукумат делегацияси иштирок этган бўлса, бу йил уларнинг сони 62 тага етди. Очилиш маросимида саккизта давлат ва ҳукумат раҳбарларининг нутқ сўзлаши кутилмоқда.
Форум ишларида, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, БРИКС Янги тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Евросиё тараққиёт банки ва ОПЕК Жамғармаси раҳбарлари иштирок этади. Халқаро ташкилотлар ва молия институтларидан жами 372 нафар делегат ташриф буюради.
Вазирнинг сўзларига кўра, форум дастури сезиларли даражада кенгайтирилган. Тадбирлар сони 36 тадан 79 тага кўпайди. Ишбилармонлик дастури доирасида 34 та панель мунозаралари, саккизта питч-сессия ҳамда АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Хитой, Озарбайжон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари вакиллари иштирокида еттита йирик бизнес-форум бўлиб ўтади.
Муҳокамалар марказида саноатни ривожлантириш, “яшил” энергетика, Ўрта коридорни кенгайтириш, рақамли бошқарув, сунъий интеллект, ислом молияси ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари туради.
18 июнь куни Хорижий инвесторлар кенгашининг тўртинчи мажлиси бўлиб ўтади ва унда 75 та йирик компания вакиллари Ўзбекистон Президентига ўз таклифларини тақдим этадилар.
Форум доирасида, шунингдек, Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти иккинчи кўргазмаси ҳам ташкил этилади. Хорижий сармоядорларга мамлакатнинг геология, энергетика, кимё саноати, машинасозлик, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳаларидаги ютуқлари намойиш этилади.
Спорт дипломатияси дастурнинг алоҳида йўналишига айланади. 16 июнь куни “Янги Ўзбекистон” боғида “Silk Road Night Run” тунги марафони, 15 июнь куни эса Олимпия шаҳарчасида халқаро бизнес ва инвестиция ҳамжамияти вакиллари иштирокида “TIIF Open” теннис турнири бўлиб ўтади.
Форумни кенг ёритиш учун Тошкентга дунёнинг 41 мамлакатидан 123 та оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюради. Жами 209 нафар хорижий журналист аккредитациядан ўтди, бу ўтган йилги кўрсаткичдан икки баравар кўпдир. Хорижий медиа воситалари қаторида етакчи халқаро ахборот агентликлари ва телеканаллар мавжуд.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, уч кунлик форум якунлари бўйича ўнлаб миллиард долларлик янги инвестициявий битимлар имзоланиши кутилмоқда.
Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан инвестициявий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, истиқболли лойиҳаларни илгари суриш ва халқаро иқтисодий алоқаларни кенгайтириш учун марказий майдонлардан бири бўлиб қолмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси