Тошкентда иқлимга чидамли Марказий Осиё учун илмий ечимлар муҳокама қилинди
Август 17, 2026. 15:30 • 5 дақ
• 86ТОШКЕНТ, 17 август. /“Дунё” АА/. ”Green University”да “Иқлимга чидамли Марказий Осиё учун фан, инновациялар ва ҳамкорлик” мавзусида Марказий Осиё иқлим ўзгариши бўйича мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотларига кўра, oчилиш маросимининг асосий воқеаларидан бири Нидерландиядаги Вагенинген университети ва тадқиқот маркази профессори, Нобел мукофоти лауреати Рик Леэманнинг “Иқлим сценарийларининг ўтмиши ва замонавий ривожланиши ҳамда уларнинг қўлланилиши” мавзусидаги маърузаси бўлди.
Тадбир Самарқанд иқлим форумининг давоми доирасида ташкил этилиб, илмий ҳамкорлик, иқлимга мослашувчанлик, инновациялар ва минтақавий ҳамкорлик масалаларига бағишланди.
Мулоқотнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) вакили ўринбосари Шерзод Умаров, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, элчи Антти Карттунен ҳамда Туркия Ўрмон ва сув хўжалиги вазирлигининг Чўлланиш ва эрозияга қарши кураш бош бошқармаси бош инспектори Исмоил Белен иштирок этди.
Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида иқлим ўзгариши Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши учун энг жиддий таҳдидлардан бирига айланиб бораётганини, унинг сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги, энергетика, экотизимлар ва аҳоли фаровонлигига таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Шунингдек, минтақа иқлим муаммоларини илмий ҳамкорликни ривожлантириш, технологик инновацияларни жорий этиш, сув хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва яшил иқтисодиётни шакллантириш имкониятига айлантириши зарурлиги қайд этилди. Ўзбекистонда бу борада аниқ чоралар кўрилмоқда: “Яшил макон” ташаббуси доирасида мамлакат бўйлаб қарийб 1 миллиард дарахт ва бута экилди, сув тежовчи технологиялар суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларининг қарийб ярмида жорий этилди, қайта тикланувчи энергия манбалари улуши эса қарийб 30 фоизга етди.
Нутқда алоҳида ташаббуслардан минтақавий илмий дастурларга ўтиш зарурлигига эътибор қаратилди. Шу мақсадда Марказий Осиёнинг турли табиий-иқлим зоналарида иқлимга мослашув бўйича тажриба лабораториялари тармоғини яратиш, “Марказий Осиё учун 100 та иқлимга бардошли ечим” дастурини амалга ошириш, иқлим тадқиқотлари бўйича стипендия дастурини йўлга қўйиш, айланма иқтисодиёт, “Zero Waste” ва метан чиқиндиларини қисқартириш соҳасидаги илмий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда Марказий Осиё иқлим маълумотлари хабини ташкил этиш таклиф қилинди. Шунингдек, “Green University” ҳузурида янги авлод мутахассисларини тайёрлашга қаратилган Марказий Осиё иқлим етакчилиги дастурини яратиш ташаббуси илгари сурилди.
Маърузада иқлим сценарийлари ноаниқлик шароитида келажак ривожланишининг турли вариантларини ўрганиш ва эҳтимолий қарорлар оқибатларини баҳолаш имконини бериши қайд этилди. Хусусан, сифат ва миқдорий сценарийлар, тадқиқот ва норматив ёндашувлар, шунингдек, ИПCCнинг дастлабки эмиссия сценарийларидан бошлаб, концентрация траэкториялари (РCП) ва умумий ижтимоий-иқтисодий траэкториялар (ССП) асосидаги замонавий ёндашувларгача бўлган ривожланиш босқичлари кўриб чиқилди. Тизимларнинг заифлигини баҳолаш ва иқлим чораларини ишлаб чиқишда сифатли сценарийларни миқдорий моделлар билан уйғунлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, маърузада сценарийлар турли сиёсий қарорларнинг эҳтимолий оқибатларини баҳолашга қандай ёрдам бериши ҳақида ҳам сўз юритилди. Таъкидланганидек, сценарийларни ўрганиш мураккаб тизимларнинг хатти-ҳаракатларини ва муайян чораларни қабул қилиш ёки қабул қилмаслик оқибатларини чуқурроқ тушунишга имкон беради. Замонавий иқлим фанида ижтимоий-иқтисодий сценарийлар, эмиссия сценарийлари, иқлим моделлаштириш ва иқлим маълумотларини бирлаштирувчи ўзаро боғлиқ ёндашувлар кенг қўлланилмоқда.
Очилиш маросимидан сўнг “Green University”нинг Иқлим резидентлиги дастури тақдимоти бўлиб ўтди. Дастур олимлар, давлат органлари вакиллари, халқаро экспертлар ва ёш тадқиқотчилар ўртасида ҳамкорлик майдонини яратиш, тадқиқотларнинг устувор йўналишларини белгилаш ҳамда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга қаратилган.
“Илм-фан ва сиёсат ўртасидаги боғлиқлик: иқлим маълумотларидан сиёсат ва минтақавий ҳамкорликка” мавзусидаги биринчи сессияда иштирокчилар иқлим сиёсатини шакллантиришда илмий маълумотлардан фойдаланиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар. Илмий тадқиқотлар, давлат қарорлари ва амалий чоралар ўртасидаги узвий боғлиқлик зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Махсус сессия меморандумлар имзолаш ва ёшларнинг иқлим ташаббусларига бағишланди. Хусусан, Марказий Осиё иқлим етакчилиги дастури доирасида ФАО билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди, шунингдек, чўлланишга қарши кураш соҳасидаги келишувларга эришилди. Бундан ташқари, ёш мутахассисларнинг салоҳиятини ривожлантириш ва уларни минтақанинг иқлим кун тартибига жалб этишга қаратилган Марказий Осиё иқлим етакчилиги дастури ишга туширилгани эълон қилинди.
Иккинчи сессияда Оролбўйи сув-ботқоқ ҳудудлари ва Марказий Осиёда сув дипломатияси масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар сув ресурсларини бошқариш, Оролбўйи экотизимларини тиклаш, илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва сув хавфсизлиги соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдилар.
Учинчи сессия иқлим ўзгариши, сув, қишлоқ хўжалиги ва энергетика ўртасидаги ўзаро боғлиқликка бағишланди. Муҳокамалар давомида табиий ва иқлим тизимларининг ишлашига оид техник ҳамда илмий жиҳатлар, сув ресурсларини бошқариш, иқлим хавфлари ва турли тармоқларнинг ўзгараётган шароитларга мослашуви масалалари кўриб чиқилди.
Якуний тематик сессия инновациялар, айланма иқтисодиёт ва иқлимга бардошлилик манфаатлари йўлида минтақавий ҳамкорликка бағишланди. Иштирокчилар инновацион ечимларни жорий этиш, яшил ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда иқлим таҳдидларига қарши курашишда минтақалараро ҳамкорликни кучайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Марказий Осиё иқлим ўзгариши бўйича мулоқоти илмий ҳамжамият, давлат тузилмалари, халқаро ташкилотлар ва ёш мутахассисларни умумий иқлим муаммолари атрофида бирлаштирган муҳим майдонга айланди. Бундай тадбирларнинг ўтказилиши илмий асосланган ечимларни ишлаб чиқиш, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва Марказий Осиёнинг иқлимга бардошлилигини ошириш бўйича ягона кун тартибини шакллантиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


