Ўзбекистонда ЮНЕСКОнинг таълимда сунъий интеллект бўйича янги кафедраси таъсис этилмоқда

Ноябрь 05, 2026. 10:30 • 3 дақ

• 44
Ўзбекистонда ЮНЕСКОнинг таълимда сунъий интеллект бўйича янги кафедраси таъсис этилмоқда
Ўзбекистонда ЮНЕСКОнинг таълимда сунъий интеллект бўйича янги кафедраси таъсис этилмоқда
Ўзбекистонда ЮНЕСКОнинг таълимда сунъий интеллект бўйича янги кафедраси таъсис этилмоқда

ПАРИЖ, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. ЮНЕСКО Тошкентдаги Халқаро Нордик университети негизида ЮНЕСКОнинг Таълимда сунъий интеллектни ўқитиш ва ўргатиш кафедрасини ташкил этишни маъқуллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Янги кафедра фаолияти Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан олий таълим, илмий тадқиқотлар ҳамда таълим жараёнига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини ривожлантиришда муҳим қадам бўлади.

Кафедранинг ташкил этилиши Ўзбекистон давлат сиёсатининг Президент Шавкат Мирзиёев томонидан сунъий интеллектни ривожлантириш, рақамли трансформация ҳамда илғор технологик йўналишларда малакали кадрлар тайёрлаш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларига мос келади.

Хусусан, ушбу ташаббус кадрлар салоҳиятини юксалтириш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва сунъий интеллект технологияларини қўллаш кўламини кенгайтиришни назарда тутувчи Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси қоидаларига ҳамоҳангдир.

Кафедранинг асосий мақсади Марказий Осиё мамлакатларининг ўзига хос хусусиятлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, олий таълимда сунъий интеллектни масъулиятли, ахлоқий меъёрларга мос ва самарали қўллаш бўйича тадқиқотлар ҳамда амалий ёндашувларни ривожлантиришдан иборат бўлади.

Кафедра фаолияти дунёнинг турли мамлакатларидаги ЮНЕСКО кафедралари ва университет тармоқларини бирлаштирувчи ҳамда халқаро академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва билим алмашишга қаратилган ЮНЕСКОнинг UNITWIN дастури доирасида амалга оширилади.

Шунингдек ўқинг

Мазкур ЮНЕСКО кафедраси Ўзбекистонда тўққизинчиси бўлиб, у миллий университетларнинг халқаро академик тармоқлар ва ЮНЕСКО дастурларидаги иштирокини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Таълим соҳасида сунъий интеллектни жорий этиш ва тартибга солиш масалаларини ўрганиш, уни ўқитиш ва таълим жараёнига интеграция қилиш учун услубий тавсиялар ҳамда воситаларни ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар таркиби ва таълим муассасалари раҳбарларининг малакасини ошириш ва рақамли компетенцияларини ривожлантириш, халқаро илмий ҳамкорлик ҳамда илғор тажриба алмашинувини кенгайтириш кафедра фаолиятининг устувор йўналишлари сирасига киради.

Кафедранинг очилиши Ўзбекистоннинг халқаро таълим ва илмий-тадқиқот маконидаги мавқеини мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшади. У хорижий экспертларни жалб қилиш, қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий таълим ёндашувларини ишлаб чиқиш ва олий таълимда сунъий интеллектни қўллаш бўйича минтақавий экспертлар платформасини шакллантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Ушбу кафедранинг ташкил этилиши Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда навбатдаги муҳим босқич бўлди. 2024 йил 22 октябрда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Сунъий интеллект этикаси соҳасидаги илмий тадқиқотлар учун Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилган эди.

Ушбу нуфузли мукофот сунъий интеллект этикаси соҳасидаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дунёдаги биринчи глобал ташаббус бўлди. Мукофотни топшириш бўйича биринчи тарихий маросим 2025 йил ноябрь ойида Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида бўлиб ўтди. Мукофотга Франция, Бразилия ва ХХРнинг келажакнинг ахлоқий, инклюзив ва масъулиятли технологияларини илгари сурувчи илғор лойиҳалари сазовор бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш