Ўзбекистон ОТМ дунёнинг етакчи илмий марказларидан бири билан ҳамкорлик ўрнатди
Апрель 26, 2026. 10:39 • 59 сония
• 394
ЛОНДОН, 26 апрель. /“Дунё” АА/. Тошкентдаги Британия менежмент университети (BMU) делегациясининг Буюк Британияга хизмат сафари амалга оширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида Кембриж университетининг Кавендиш лабораторияси билан “BMU-Cavendish ривожланиш ташаббуси”ни йўлга қўйиш тўғрисида келишув имзоланди. BMU Ўзбекистонда ушбу лаборатория билан ҳамкорликни бошлаган биринчи олий таълим муассасасига айланди.
Маросимда Кавендиш лабораторияси кафедраси мудири, профессор Мете Ататюре имзоланган ушбу ҳужжат келажакда кенг кўламли илмий-академик ҳамкорлик учун замин яратишини алоҳида таъкидлади.
Ташриф давомида ўзбекистонлик талабалар Кембриж университетининг ўқув жараёни ва фаолияти билан танишди. Ёшларга Кавендиш лабораториясининг таниқли профессорлари томонидан физика, кимё, қайта тикланувчи энергия манбалари йўналишларида қатор маърузалар ташкил этилди.
Кембриж университетининг Кавендиш лабораторияси дунёнинг энг машҳур илмий марказларидан бири саналади. 1874 йилда ташкил этилган мазкур лаборатория 2025 йилда янгиланиб, замонавий ускуналар ва технологиялардан фойдаланиш имконига эга бўлди.
Муассасада экспериментал ва назарий физика соҳасида фундаментал тадқиқотлар олиб борилади. Генри Кавендиш шарафига номланган ушбу лаборатория физика таълими ва тадқиқотларини тизимли ривожлантирган илк марказлардан биридир. Айни пайтда бу ерда квант физикаси, нанотехнологиялар ва астрофизика йўналишлари жадал ривожланмоқда. Турли йилларда лабораторияда кўплаб Нобель мукофоти лауреатлари фаолият юритган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси