Нагоя шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари намойиш этилди
Апрель 04, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 105
НАГОЯ, 4 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Япониянинг Нагоя шаҳрида “Hankyu Travel International Co., Ltd.” ва “All Co., Ltd.” компаниялари билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг туризм имкониятларига бағишланган семинар ўтказилди.
Семинарнинг асосий мақсади Япониядан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сонини ошириш, мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданиятини тарғиб қилиш, янги сайёҳлик йўналишлари ҳақида маълумот беришдан иборат бўлди.
Тадбирда Япония сайёҳлик компаниялари вакиллари, саёҳатчилар ва жорий йилда Ўзбекистонга боришни режалаштираётган фуқаролар иштирок этди. Унда жами 80 нафардан ортиқ меҳмон қатнашди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий сайёҳлар учун яратилаётган қулайликлар, янги меҳмонхоналар ва замонавий инфратузилма ҳақида фикр билдирилди.
Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Термиз каби ЮНЕСКО мероси рўйхатига киритилган тарихий шаҳарлар ҳақида сўз юритилди.
Иштирокчиларга ўзбек миллий анъаналари, урф-одатлари, таомлари ва сайёҳлик йўналишлари бўйича тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари, Термиздаги Фаёзтепа, Қоратепа, Далварзинтепа, Зурмала каби тарихий ёдгорликлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир доирасида “Hankyu Travel International Co., Ltd.” компанияси ижроия директор Кацухико Казама билан музокаралар ўтказилди. Унда Япониядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини янада ошириш ва янги туризм лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Кацухико Казама сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм инфратузилмаси ривожланаётгани, янги сайёҳлик марказлари очилаётгани ва халқаро тадбирлар ўтказилаётгани мамлакатга бўлган қизиқишни ошираётганини таъкидлади.
Маълум қилинишича, 2025 йилда Ўзбекистонга келган япониялик сайёҳлар сони 32 минг нафарга етган. Бу 2024 йилга нисбатан 1,5 баробарга ошганини англатади.
Семинар якунида савол-жавоблар ўтказилди ва иштирокчиларга туризмга оид брошюралар, китоблар ҳамда хариталар тарқатилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси