“Вечерний Бишкек”: Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган
Август 14, 2026. 10:32 • 3 дақ
• 87
БИШКЕК, 14 август. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг “Вечерний Бишкек” нашрида Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасидаги сув дипломатияси ва минтақавий ҳамкорлик аҳамиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, сувни рақобат манбаидан ҳамкорлик омилига айлантириш минтақавий барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Ўзбекистонда сув дипломатиясига шунчаки ташқи сиёсат воситаси сифатида эмас, балки мамлакат ичида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида қаралмоқда. Шу сабабли сувдан оқилона фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Нашрда 2026 йил 7 август куни Туркистон шаҳрида Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиясининг (Дўстлик/МКВК) 94-йиғилиши бўлиб ўтгани, унда Сирдарё ҳамда Амударё ҳавзаларида сув лимити ва омборлар иш режимини белгилаш, Жаҳон банки иштирокидаги 20 миллион долларлик CAWEC грант лойиҳасини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилгани таъкидланган.
Бундан ташқари, GIZ кўмагида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги трансчегаравий сув объектларида автоматик мониторинг тизимини жорий этиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилмоқда.
Материалда Ўзбекистонда сув хўжалиги соҳасида эришилаётган натижаларга алоҳида тўхталиб ўтилган. Жумладан, 2025 йилда 258 та ирригация ва мелиорация объектида қурилиш-тиклаш ишлари бажарилиб, 723 километр каналлар бетонлаштирилди. Бунинг эвазига 364 минг гектар ернинг сув таъминоти яхшиланди ва 500 миллион куб метрдан ортиқ сув иқтисод қилинди.
2026 йилда эса 308 та лойиҳа учун давлат бюджетидан 2 триллион 199 миллиард сўм ажратилиб, 1 август ҳолатига кўра 637 километр каналлар бетонлаштирилди, 268 километр коллектор-дренаж тармоқлари ва янги насос станциялари барпо этилди.
Шу билан бирга, сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали 2025 йилда 3 миллиард куб метр сув тежаб қолинган бўлса, 2026 йил якунига қадар бундай технологиялар майдонини 3,1 миллион гектарга, тежаладиган сув ҳажмини эса 5 миллиард куб метрга етказиш мақсад қилинган. Жорий йил бошидан буён республика бўйича яна 638 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди.
Муаллиф сув ресурсларини аниқ ҳисобга олиш ва рақамлаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтган. 2025 йилда Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази ҳамда Вазиятлар маркази ташкил этилиб, 10 та ахборот тизими йўлга қўйилди.
“Давлат сув кадастри” ва “Мелиорация” тизимларида сунъий интеллект ёрдамида таҳлил ва прогноз қилиш имконияти яратилди. Сув омборларида 44 та масофавий датчик ва давлат чегарасидан ўтаётган сув сарфини онлайн кузатувчи 272 та қурилма ҳамда туманлар чегарасида 1895 та мониторинг ускуналари ўрнатилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси