Ҳиндистоннинг етакчи бизнес нашри янгиланган «Ўзбекистон – 2030» Стратегияси ҳақида таҳлилий мақола чоп этди
Апрель 09, 2026. 09:00 • 3 дақ
• 126
ДЕҲЛИ, 9 апрель. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг нуфузли «The Economic Times» газетаси Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган янгиланган миллий ривожланиш стратегиясига бағишланган кенг қамровли мақола чоп этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мақолада Ўзбекистон раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узоқни кўзловчи хусусияти алоҳида қайд этилган. Унда «Ўзбекистон – 2030» стратегияси миллий янгиланиш жараёнининг мажмуавий режаси бўлиб, мамлакат тараққиёти йўлидаги муҳим босқични ифодалаётгани таъкидланган.
«The Economic Times» Ўзбекистон Президенти томонидан 100 та аниқ мақсад тасдиқлангани ва уларнинг ижроси 2030 йилга қадар ҳар йили баҳолаб борилишига эътибор қаратган. Ҳар бир мақсад бўйича масъул идоралар, амалга ошириш механизмлари ва молиялаштириш манбалари белгиланган.
«Бу ҳисобдорлик ва шаффофликка асосланган бошқарув моделини яратади», деб ёзади газета.
Халқаро ташкилотлар ва ривожланиш бўйича шериклар жараённи кузатиб бориш, ҳисоботлар билан танишиш ҳамда экспертлик билимларини тақдим этиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу эса ташқи қўллаб-қувватлашни жалб қилади ва ишончни мустаҳкамлайди.
Нашрда стратегиянинг устувор йўналишлари батафсил таҳлил қилинган.
Инсон салоҳиятини ривожлантириш соҳасида 44 та мақсад жамланган. Улар қаторида мактабгача таълим қамровини 80 фоизга етказиш, ўқитувчилар маошини икки баравар ошириш, ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш, шунингдек, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда 7 миллион ёшларни чет тилларига ўқитиш ва 3 миллион фуқарони замонавий касбларга тайёрлаш кўзда тутилган.
Барқарор иқтисодий ўсишга эришиш учун мамлакат 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 145 миллиард доллардан 240 миллиард доллардан зиёдга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМни эса 3,8 минг доллардан 5,8 минг долларга етказишни мақсад қилган.
Автомобиль ишлаб чиқаришни 1 миллион донага етказиш ва 400 та стратегик лойиҳа доирасида 150 миллиард доллар хорижий инвестицияларни жалб қилиш режалари нашрда алоҳида қизиқиш уйғотган.
Қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини 35 фоизга камайтириш мақсади белгиланган.
Бундан ташқари, газета қонун устуворлигини кучайтириш, коррупцияга қарши курашиш ва электрон давлат хизматларини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам ёзган.
Ҳиндистон газетаси Стратегия халқаро стандартларга ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мос келишини, Ўзбекистонни глобал кун тартибининг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишини урғулаган.
«The Economic Times» шарҳловчиси мақолани «Ўзбекистон – 2030» стратегияси юксак марралар ҳамда натижага йўналтирилган тизимли ёндашув уйғунлиги билан ажралиб туради. Мамлакат тарқоқ ташаббуслар ўрнига мувофиқлаштирилган, ҳисобдор ва узоқ муддатли трансформация дастурини амалга оширмоқда», деган эътироф билан якунлаган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси