Logo

“London Post”: “Ўзбекистон – 2030” стратегияси соҳалар ривожида асосий дастуриламалга айлантирилмоқда

Январ 18, 2026. 10:30 • 3 дақ

523
“London Post”: “Ўзбекистон – 2030” стратегияси соҳалар ривожида асосий дастуриламалга айлантирилмоқда

ЛОНДОН, 19 январь. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг машҳур “London Post” нашрида “Ўзбекистон – 2030”: барқарор ўсиш ва фаровонлик учун йўл харитаси” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, 2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида иқтисодиёт, давлат хизматлари, бошқарув тизими ва экологик барқарорликни модернизация қилиш бўйича ўрта муддатли истиқбол ва самарадорлик кўрсаткичлари белгиланган. Эндиликда, амалга оширишнинг биринчи босқичига (2023–2025) таянган ҳолда, ҳукумат реал шароитлар, глобал тенденциялар ва янада қатъий ҳисобдорликка бўлган эҳтиёжни аниқроқ ҳисобга олиш учун 2026-2030 йилларга мўлжалланган янгиланган натижалар доирасини тайёрламоқда.

Ўзбекистондаги сўнгги ислоҳотлар аллақачон сезиларли самара берди. Қисқа даврда камбағаллик даражаси 11 фоиздан 6,8 фоизга камайди; Ялпи ички маҳсулот 102,6 миллиард доллардан 140 миллиард долларга, экспорт 24,9 миллиард доллардан 27,9 миллиард долларга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 17,1 миллиард доллардан 42 миллиард долларга ошди. Ишсизлик 6,8 фоиздан 4,9 фоизга қисқарди, хорижий сайёҳлар сони эса 6,6 миллиондан 8,6 миллионга ортди.

Стратегия иқтисодий рақобатбардошлик ва ижтимоий фаровонликни қамраб олувчи миллий устуворликлар тўплами атрофида ташкил этилган. Уларга қуйидагилар киради: барқарор иқтисодий ўсиш, замонавий таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизими, экологик вазиятни яхшилаш, инсонларга хизмат қиладиган адолатли замонавий давлат, кафолатланган суверенитет ва хавфсизлик.

Бу ерда нафақат кун тартибининг кенглиги, балки ўлчанадиган амалга оширишга эътибор қаратиш ҳам диққатга сазовор: устуворликлар мақсадларга, мақсадлар эса амалга ошириш режаларига ўтказилади.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида модернизация марказига макроиқтисодий барқарорлик ва инвестицияларга асосланган ўсиш қўйилган. Асосий мақсадлар 2030 йилга бориб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 5 минг доллардан ошириш, давлат қарзини мақбул даражада (ЯИМнинг 50 фоизидан юқори бўлмаган) ушлаб туриш ва ўн йиллик охиригача инфляцияни 5-6 фоиз оралиғида ушлаб туришдан иборат.

Шунингдек, ишбилармонлик муҳитини яхшилайдиган ва молия бозорларини мустаҳкамлайдиган институционал ислоҳотлар: давлат банкларининг умумий банк активларидаги улушини камайтириш ва бир нечта тижорат банкларида исломий молиялаштириш хизматларини кўрсатиш учун ҳуқуқий асос яратиш таъкидланган. Ушбу қадамлар хусусий сектор динамикасини кучайтириш, молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш ва капитални тақсимлаш самарадорлигини оширишга қаратилган.

Базавий тармоқларда унумдорликни ошириш чора-тадбирлари ҳам муҳим ўрин тутади. Қишлоқ хўжалигида, масалан, кун тартибида гектаридан олинадиган ўртача даромадни қарийб 5 минг долларгача ошириш кўзда тутилган бўлиб, бу юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш ва рентабелликни оширишни акс эттиради.

“Ўзбекистон – 2030”да инсон капиталига узоқ муддатли рақобатбардошликнинг ҳал қилувчи омили сифатида қаралмоқда. Олий таълим соҳасида мақсадлар орасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш (шу жумладан, жаҳон рейтингларига кирувчи университетлар билан икки томонлама диплом дастурлари), тадқиқот салоҳиятини ошириш ва маҳаллий олий ўқув юртларининг глобал мавқеини юксалтириш киради.

Бир сўз билан айтганда, такомиллаштирилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси соҳалар ривожида асосий дастуриламалга айлантирилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш