Покистон ОАВ: Янгиланаётган “Ўзбекистон–2030” стратегиясида аввало инсон омили турибди
Январ 11, 2026. 12:25 • 2 дақ
• 228
ИСЛОМОБОД, 14 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The World News”, “News Network Pakistan” ва “The Diplomatic Insight” каби етакчи нашрларда янгиланаётган “Ўзбекистон–2030” стратегиясига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда ёзилишича, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини мавжуд реал шароит, аҳоли эҳтиёжлари ҳамда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда. Такомиллашаётган стратегиянинг марказида давлат раҳбари томонидан илгари сурилган асосий ғоя – “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил туради.
Янги таҳрирдаги стратегия ушбу ғояни амалий мазмун билан бойитиб, мамлакат ривожланишини янада самарали, натижага йўналтирилган ва ҳисобдор тизим асосида давом эттиришни кўзлайди. Стратегияни такомиллаштириш жараёнида унинг доирасида эришилган натижалар чуқур таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар инобатга олинмоқда. Шу билан бирга, мақсадларга эришишни аниқ ўлчаш имконини берувчи самарадорлик кўрсаткичлари қайта кўриб чиқилмоқда. Ҳар бир аниқ мақсад учун масъул давлат органи белгиланиб, зарур молиявий манбалар очиқ кўрсатилиши стратегия ижросида жавобгарлик ва ҳисобдорликни кучайтиради.
“Яна бир муҳим жиҳат – стратегиянинг ҳар бир фуқаро учун тушунарли ва ҳаётий бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси шундай шакллантирилмоқдаки, ҳар бир инсон ундан ўз ҳаёти, оиласи ва фарзандлари келажаги учун қандай амалий фойда борлигини кўра олсин. Яъни стратегия умумий шиорлар эмас, балки кундалик ҳаётда сезиладиган аниқ ўзгаришлар манбаи бўлиши лозим”, дея таъкидланган мақолада.
Бундан ташқари, соҳа, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган барча стратегик ҳужжатларни “Ўзбекистон – 2030” стратегияси билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу давлат сиёсатининг яхлитлиги ва натижавийлигини таъминлайди. Энг муҳим принципиал жиҳатлардан бири – стратегиянинг халқ билан маслаҳатлашув асосида такомиллаштирилишидир.
Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, аҳоли, экспертлар ва фуқаролик жамияти институтларининг таклифлари инобатга олинади. Чунки фақат жамоатчилик фикрини ўзида акс эттирган ҳужжатгина ҳаётий ва самарали бўлиши мумкин.
Мақолалар “Ушбу стратегия аввало Ўзбекистон халқи фаровонлигига хизмат қиладиган умуммиллий тараққиёт дастури сифатида шакллантирилмоқда”, – деган сўзлар билан якунланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси