Россия ОАВ: Ўзбекистон хорижий технологик компаниялар учун энг хавфсиз ва қулай макон сифатида кўрилмоқда

Июль 03, 2026. 10:30 • 2 дақ

131
Россия ОАВ: Ўзбекистон хорижий технологик компаниялар учун энг хавфсиз ва қулай макон сифатида кўрилмоқда

МОСКВА, 3 июль. /“Дунё” АА/. Россиянинг оммабоп “Комсомольская правда” газетасида “Ўзбекистон технологик бизнес учун операцион хаб сифатида: рақамлар, шароитлар ва у нима учун самарали ишламоқда?” сарлавҳали таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада бугунги кунда нима сабабдан 1000 дан ортиқ йирик технологик компаниялар ўз фаолиятини ривожлантириш учун айнан Ўзбекистонни танлаётгани атрофлича таҳлил қилинган.

Нашрда ёзилишича, операцион офисни бошқа мамлакатга кўчириш ҳар доим маълум даражада хавотир, янги юрисдикция, нотаниш қоидалар ва жараёнлар устидан назоратни йўқотиш қўрқуви билан боғлиқ бўлади. Бироқ Ўзбекистон бу борадаги аксарият муаммоли масалаларни тизимли равишда ҳал этиб келмоқда.

Хусусан, мақолада МДҲ давлатларидан IT-бизнесни Ўзбекистонга кўчиришнинг ўзига хос афзалликлари, “IT Park”нинг ривожланган инфратузилмаси, “ягона ойна” тизими орқали тадбиркорлик юритишнинг соддалиги ва хориждан кўчиб келаётган ходимларни қўллаб-қувватловчи “Softlanding” махсус дастури юқори баҳоланган. Натижада Ўзбекистон маъмурий тўсиқлар ва хавф-хатарларни минималлаштирувчи энг қулай юрисдикция сифатида эътироф этилмоқда.

Шунингдек, “IT Park” томонидан тақдим этилаётган “Zero Risk” дастури компанияларга тайёр инфратузилма ва ходимлар харажатларини қоплаб бериш орқали бизнесни тезкор йўлга қўйиш имконини бераётгани қайд этилган. Эслатиб ўтилганидек, марказ резидентлари учун фойда солиғи, ҚҚС ва ижтимоий солиқлар 0 фоиз этиб белгиланган, соҳа мутахассислари ва инвесторлар эса 3 йиллик махсус “IT-виза” расмийлаштиришлари мумкин.

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу виза эгалари мамлакат фуқаролари билан тенг равишда тиббий хизмат ва таълим олиш, шунингдек, ҳеч қандай чекловларсиз кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқига эга.

Мақола якунида хорижий компаниялар учун Ўзбекистонга кўчиш нафақат операцион офисни кўчириш, балки бизнесни халқаро даражада ривожлантириш ва глобал бозорларга чиқиш учун энг қулай ҳамда стратегик майдонга айланиб бораётгани алоҳида таъкидланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш