Анқарадан муносабат: Ўзбекистон–Озарбайжон ҳамкорлиги амалий манфаатларга асосланган

Август 25, 2026. 11:06 • 3 дақ

97
Анқарадан муносабат: Ўзбекистон–Озарбайжон ҳамкорлиги амалий манфаатларга асосланган

АНҚАРА, 25 август. /“Дунё” АА/. Таниқли турк дипломати ва сиёсатчиси, Туркиянинг Озарбайжондаги собиқ элчиси Ҳулуси Қилич “Дунё” ААга Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 23–24 август кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Мен Туркиянинг Озарбайжондаги элчиси бўлиб ишлаган давримда ҳам Ўзбекистон Бокуда тарихий, маданий ва инсонлараро алоқалари мустаҳкам бўлган қардош мамлакат сифатида қадрланган. Аммо ўша пайтда икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги даражага чиқиши ва мавжуд имкониятлар ҳақидаги тасаввурлар анча бошқача эди.

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистон сезиларли даражада ўзгарди. Айниқса, кейинги йилларда мамлакат ташқи дунёга очилиб, қўшни давлатлар ва туркий мамлакатлар билан алоқаларини янада кучайтирди. Ўзбекистон минтақавий масалаларда ҳам фаол иштирок эта бошлади. Бугун Тошкент Бокуда нафақат тарихий ва маданий жиҳатдан яқин пойтахт, балки муҳим сиёсий ва иқтисодий ҳамкор сифатида ҳам қабул қилинмоқда. Бу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг минтақадаги ўрни ва нуфузи тобора ортиб бораётганини кўрсатади. 

Бу сўнгги йиллардаги энг муҳим натижалардан биридир. Бугун Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари мустаҳкамланди. Бу яқинлик фақат қардошлик ва дўстлик ҳақидаги сўзларда эмас, балки амалий ишлар — савдо ва инвестицияларнинг ўсиши, қўшма лойиҳалар, ҳудудлар ва бизнес ўртасидаги алоқалар ҳамда янги транспорт имкониятларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. 

Шунингдек ўқинг

Шу боис Президент Илҳом Алиевнинг Тошкентга бу галги ташрифи алоҳида аҳамият касб этади. Бу ташриф шунчаки яхши муносабатларни тасдиқлаш эмас, балки икки давлат ҳамкорлигининг келгуси йўналишларини белгилаб берадиган муҳим қадамдир.

Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши, икки давлат раҳбарларининг музокаралари, янги келишувлар ва қўшма иқтисодий-гуманитар лойиҳалар Боку ва Тошкент ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатмоқда. 

Айниқса, транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорликка катта аҳамият бериш лозим. Бугун географик жойлашув мамлакатлар учун янада муҳим стратегик омилга айланмоқда. Озарбайжон Жанубий Кавказда, Ўзбекистон эса Марказий Осиёнинг марказида жойлашган. Икки давлатнинг транспорт ва транзит имкониятларини бирлаштириши Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган янги йўналишларни ривожлантириш учун катта имкониятлар яратади. Бу истиқболлар бир неча йил аввал анча узоқдек туюлган эди, бугун эса улар амалий мазмун касб этмоқда. 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш