Ўзбекистон–Озарбайжон олий даражадаги саммити якунланди

Август 24, 2026. 21:11 • 2 дақ

60
Ўзбекистон–Озарбайжон олий даражадаги саммити якунланди
Ўзбекистон–Озарбайжон олий даражадаги саммити якунланди

ТОШКЕНТ, 24 август. /“Дунё” АА/. Бугун Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев озарбайжонлик ҳамкасби билан тор доирада учрашув ва Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди. Абадий дўстлик тўғрисидаги тарихий шартнома ва салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди, қатор қўшма лойиҳаларга старт берилди. Етакчилар икки мамлакатнинг олий давлат мукофотлари билан тақдирландилар.

Ташриф доирасида Озарбайжон Президенти Янги Тошкент лойиҳаси билан танишди. Давлат раҳбарлари Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампусини очиш ва Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғини барпо этиш ишларини бошлаш маросимларида иштирок этдилар.

Бугун саммит Бухорода давом этди. Давлат раҳбарлари рафиқалари билан қадимий шаҳарнинг тарихий обидаларини томоша қилдилар.

Олий мартабали меҳмонларга Бухоро вилоятининг рақамлаштириш, енгил ва электротехника саноати каби соҳалардаги салоҳияти ҳақида маълумот берилди.

Тадбирлар тугагач, Бухоро халқаро аэропортида Президент Илҳом Алиев ва рафиқасини Президент Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси кузатиб қўйди.

Шу билан давлатимиз раҳбари Бухорога сафарини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.




Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш