Бокудан муносабат: Ўзбекистон–Тожикистон ҳамкорлиги Марказий Осиёда барқарорлик ва мувозанатни сақловчи омилга айланмоқда
Март 26, 2026. 11:33 • 3 дақ
• 79
БОКУ, 26 март. /“Дунё” АА/. Озарбайжонлик сиёсатшунос ва таҳлилчи Ильгар Велизаде “Дунё” АА мухбирига Тожикистон Президентининг Ўзбекистонга бугун бошлананган давлат ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди:
– Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга амалга оширадиган давлат ташрифи Марказий Осиёнинг икки муҳим давлати ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликнинг изчил тенденциясини акс эттиради. Сўнгги йилларда Душанбе ва Тошкент хавфсизлик, иқтисодий кооперация ва барқарор минтақавий ривожланиш масалаларига асосланган янада прагматик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик моделини изчил барпо этмоқда.
Икки давлат раҳбарлари раислигида Олий давлатлараро кенгаш йиғилишининг ўтказилиши ташрифга алоҳида аҳамият бағишлайди. Ушбу формат муносабатларнинг янги институционал даражага ўтганини расман тасдиқлайди. Бу нафақат жорий кун тартибини мувофиқлаштириш, балки ҳамкорликнинг узоқ муддатли истиқболларини шакллантириш имконини беради. Шу маънода, ушбу учрашув Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги интеграция жараёнларини янада чуқурлаштиришда муҳим босқич бўлади.
Ташриф ташқи сиёсий муҳит сезиларли даражада мураккаблашган шароитда бўлиб ўтмоқда. Эрон атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви, шунингдек, Покистон ва Афғонистон ўртасидаги зиддиятнинг кучайиши минтақага туташ ҳудудларда умумий беқарорликни оширмоқда. Бу жараёнлар Марказий Осиёдаги транспорт йўналишлари, энергетика лойиҳалари ва умумий хавфсизлик архитектураси учун қўшимча хатарларни келтириб чиқариши муқаррар.
Бундай шароитда Душанбе ва Тошкентнинг мулоқотни давом эттириш ва шерикликни мустаҳкамлашга бўлган тайёрлиги алоҳида аҳамият касб этади. Бу ерда гап нафақат икки томонлама манфаатлар, балки кенг кўламли вазифа – ташқи беқарорлик шароитида минтақа барқарорлигини сақлаб қолиш ҳақида бормоқда. Икки мамлакатнинг бу борадаги ҳамкорлиги дестабилизация тенденцияларини жиловлашга қодир бўлган ҳамда Марказий Осиёда узоқ муддатли тинчлик ва тараққиёт пойдеворини шакллантирувчи омил сифатида намоён бўлади.
Ўз навбатида, минтақавий кун тартиби бўйича Душанбе ва Тошкент позицияларининг яқинлашиши “Марказий Осиё + Жанубий Кавказ” форматининг барқарорлигини шубҳасиз кучайтиради. Бу Озарбайжон орқали ўтувчи транспорт ва энергетика йўналишлари учун муҳим бўлган минтақавий хавфларни камайтиришга хизмат қилади.
Бунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан изчил амалга оширилаётган, минтақавий очиқлик, низоларни камайтириш ва қўшни давлатлар билан алоқаларни ривожлантиришга асосланган ташқи сиёсий курс муҳим ўрин тутади. Мазкур шароитда икки давлатнинг ўзаро алоқалари икки томонлама кун тартиби доирасидан чиқиб, Марказий Осиёда мувозанат ва барқарорликни таъминловчи омиллардан бирига айланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси