Бокудан муносабат: Ўзбекистон–Ўмон стратегик ҳамкорлиги Марказий Осиё ва Форс кўрфази ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқмоқда
Ноябрь 19, 2026. 08:10 • 4 дақ
• 31
БОКУ, 19 ноябрь. /“Дунё” АА/. Таниқли озарбайжонлик сиёсатшунос ва таҳлилчи, “Жанубий Кавказ” сиёсатшунослар клуби раҳбари Илгар Велизаде “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Ўмон Султонлигига амалга оширган давлат ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўмон Султонлигига амалга оширган давлат ташрифи Тошкентнинг Яқин Шарқ йўналишидаги ташқи сиёсий фаоллиги изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради.
Сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистон халқаро алоқаларни кенгайтириш, хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш, янги бозорларни ўзлаштириш ҳамда транспорт йўлакларини ривожлантиришга қаратилган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат юритиб келмоқда.
Айни пайтда мамлакат ташқи сиёсати иқтисодий тараққиётнинг амалий вазифалари билан тобора чамбарчас боғланмоқда. Маскат шаҳрида бўлиб ўтган музокараларга ҳам айнан шу нуқтаи назардан қараш лозим.
Яқин Шарқ ва Форс кўрфази мамлакатлари Ўзбекистон ташқи сиёсатида алоҳида ўрин тутади. Ушбу давлатлар билан ҳамкорлик Тошкентга инвестициявий шериклар доирасини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва янги иқтисодий имкониятларни ишга солиш учун қўшимча шароитлар яратади.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг минтақадаги манфаатлари фақат молиявий ресурсларни жалб қилиш билан чекланмайди. Форс кўрфази давлатларининг транспорт инфратузилмаси, халқаро ишбилармонлик алоқалари ва бошқа бозорларга чиқиш имкониятлари ҳам муҳим аҳамият касб этади. “Марказий Осиё – Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқотининг ривожланиб бораётгани ушбу алоқаларга янада кенг минтақавий мазмун бағишламоқда.
Бу борада Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги ҳамкорлик тарихи алоҳида эътиборга молик. Келгуси йили икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 35 йил тўлади. 2018 йилда Ўзбекистоннинг Маскат шаҳридаги элчихонаси фаолияти йўлга қўйилгани икки томонлама ришталарни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди.
Бугунги кунда инвестициявий ҳамкорлик, савдо-иқтисодий алоқалар ва транспорт соҳаси устувор йўналишлари ҳисобланади. Амалга оширилган давлат ташрифи ушбу жабҳадаги шерикликни юқори даражада янада ривожлантириш имконини берди.
Айниқса, транспорт соҳасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакат сифатида халқаро портларга олиб чиқувчи муқобил транспорт йўналишларини кенгайтиришдан манфаатдор. Ўмон эса денгиз савдоси ва халқаро логистика тизимидаги мавқеини мустаҳкамлашга интилаётган давлатдир.
Бу борада Марказий Осиёни Эрон ва Ўмон билан боғловчи Ашхобод халқаро транспорт-транзит коридори тўғрисидаги битим муҳим ҳуқуқий ва амалий асос бўлиб хизмат қилади. Мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларни ривожлантириш Ўзбекистоннинг ташқи савдо географиясини кенгайтириш, логистика харажатларини оптималлаштириш ва халқаро транспорт тармоқларига интеграциялашувини чуқурлаштиришга хизмат қилиши мумкин.
Ўмон учун Ўзбекистон Марказий Осиёдаги муҳим ва истиқболли ҳамкор ҳисобланади. Икки мамлакат ўртасида саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, савдо-сотиқ ва бошқа иқтисодий йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш учун салмоқли имкониятлар мавжуд.
Ўзбекистон иқтисодиётига киритиладиган Ўмон инвестициялари нафақат икки томонлама иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, балки ўмонлик ишбилармон доираларининг бутун Марказий Осиё минтақасидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган.
Озарбайжон биродар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўмон Султонлигига амалга оширган давлат ташрифини катта қизиқиш билан кузатиб борди. Чунки Боку Тошкентнинг халқаро майдондаги мавқеи ва нуфузи мустаҳкамланишини бутун туркий дунё ҳамда минтақамиз учун ижобий омил сифатида баҳолайди. Озарбайжон Ўзбекистоннинг дўст давлатлар билан сиёсий, иқтисодий ва гуманитар алоқаларини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.
Умуман олганда, Ўзбекистон ташқи сиёсатида очиқлик, давлатлар суверенитетини ҳурмат қилиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва мавжуд зиддиятларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Турли давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва конструктив муносабатларни ривожлантиришга йўналтирилган ушбу ёндашув ўзаро ишонч ва англашувни мустаҳкамлаш, узоқ муддатли ҳамкорлик учун қулай замин яратишга хизмат қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Шавкат Мирзиёевнинг Ўмон Султонлигига давлат ташрифини мамлакат ташқи алоқаларини кенгайтиришга қаратилган изчил сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида баҳолаш мумкин.
Мазкур ташриф Марказий Осиё ва Яқин Шарқ давлатлари ўртасидаги яқинлашув жараёнларига янги суръат бағишлаб, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга муносиб ҳисса қўшади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси