Брюсселдан муносабат: Туркий давлатлар ташкилоти тобора геоиқтисодий кучга айланиб бормоқда
Май 17, 2026. 12:00 • 3 дақ
• 43
БРЮССЕЛЬ, 17 май. /“Дунё” АА/. Бельгиялик Марказий Осиё бўйича эксперт Дерья Сойсал “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 15 май куни Туркистон шаҳрига амалга оширган хизмат сафари ва Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги иштироки юзасидан фикр билдирди:
– Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) сўнгги йилларда маданий-тарихий ҳамкорлик платформасидан қудратли геоиқтисодий тузилмага айланиб бормоқда. Марказий Осиёнинг тўрт давлати – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон, Жанубий Кавказдаги Озарбайжон ҳамда Европа билан Осиёни боғлаб турувчи йирик трансконтинентал давлат Туркияни қамраб олган мазкур ташкилот бугун глобал савдо хавфсизлигининг муҳим бўғини сифатида намоён бўлмоқда.
Стратегик имкониятларни ўзаро мувофиқлаштириш орқали ушбу давлатлар минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш, таъминот занжирларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, шунингдек, сунъий интеллект ва рақамли ривожланишга асосланган умумий тараққиёт моделини шакллантиришга ҳисса қўшмоқда.
Туркий интеграция нега Европа учун муҳим? Бугунги геосиёсий зиддиятлар шароитида Европа таъминот занжирлари хавфсизлиги, инфляция босими ва энергия манбаларини диверсификация қилиш каби муаммоларга дуч келмоқда. Шу нуқтаи назардан, Туркий давлатлар ташкилотининг мувофиқлашган сиёсати Европа учун бир қатор ишончли ва барқарор ечимларни таклиф этмоқда.
Аввало, ТДТнинг географик жойлашуви хавф юқори бўлган ҳудудларни четлаб ўтувчи хавфсиз ва ҳамкорликка асосланган маконни шакллантириб, товарлар ҳаракатининг узлуксизлигини таъминлаш имконини беради.
Иккинчидан, Транскаспий халқаро транспорт йўлаги Марказий Осиё–Каспий денгизи–Озарбайжон–Туркия орқали Европага чиқиш имконини яратиб, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдони минтақавий беқарорлик таъсиридан ҳимоя қилмоқда.
Учинчидан, ягона туркий иқтисодий макон Европа учун Марказий Осиёнинг улкан бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтириб, муҳим минерал ресурслар, “яшил” иқтисодиёт ва муқобил энергия манбалари бўйича янги ҳамкорлик йўналишларини очмоқда.
Шу билан бирга, ТДТ мамлакатлари сунъий интеллект ва рақамли ривожланишни минтақавий интеграциянинг устувор йўналиши сифатида белгиламоқда. Бу иқтисодиётни ресурсларга қарам моделдан инновация ва юқори технологияларга таянган замонавий тизимга ўтказишга хизмат қилади.
Ўзбекистон бу жараёнда алоҳида ўрин тутади. Мамлакат Марказий Осиёдаги энг йирик демографик салоҳиятга эга бўлиб, туркий дунёда аҳоли сони бўйича етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон бой тарихий ва маданий мероси билан ҳам туркий цивилизациянинг муҳим таянчларидан саналади.
Географик жиҳатдан Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан чегарадош бўлиб, минтақавий ҳамкорлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллайди. Хусусан, ўтган ёзда Туркманистоннинг Аваза шаҳрида Гурбангули Бердимуҳамедов, Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев иштирокида бўлиб ўтган уч томонлама саммит минтақавий мулоқотни кучайтиришга хизмат қилди.
Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар эса умумий туркий мероснинг маънавий ва илмий марказлари сифатида катта аҳамиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам туркий дунёнинг бой маданий ва илмий меросини намоён этувчи муҳим маънавий масканга айланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Бокудан муносабат: ТДТда Ўзбекистон ташаббуслари стратегик минтақавий ҳамкорликни янги даражага олиб чиқмоқда

Будапештдан муносабат: ТДТ сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт сари дадил қадам ташламоқда


