Брюсселдан муносабат: Тошкент инвестиция форуми халқаро инвесторлар учун асосий мулоқот майдонига айланди

Июнь 23, 2026. 15:00 • 2 дақ

85
Брюсселдан муносабат: Тошкент инвестиция форуми халқаро инвесторлар учун асосий мулоқот майдонига айланди

БРЮССЕЛЬ, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Оксфорд бизнес гуруҳи маслаҳатчиси, Мальтанинг Белгиядаги фахрий консули Жан Брабандер “Дунё” АА мухбирига 16–18 июнь кунлари мамлакатимизда бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Ўйлашимча, V Тошкент халқаро инвестиция форуми Ўзбекистоннинг иқтисодий ва савдо сиёсатини амалга оширишда ғоят самарали восита бўлиб, давлатнинг стратегик ташаббусларини аниқ ва сезиларли иқтисодий натижаларга айлантириш имконини беради.

Ўзбекистон замонамизнинг энг жозибадор инвестиция майдонларидан биридир. Мен Ўзбекистонни сармоядорлар учун янги имкониятларнинг кенг қамровини очиб берадиган истиқболли бозор деб таърифлаган бўлардим. Фикримча, мамлакат келажагига бўлган ишонч учта асосий омилга таянади.

Биринчидан, бу – барқарор юқори иқтисодий ўсиш суръатларидир. Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги йилларда ҳар йили 6–7 фоизлик ўсишни намоён этмоқда. Бу ҳозирги глобал шароитда жуда юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Иккинчидан, бу – сўнгги ўн йилликда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардир. Улар очиқ, бозор иқтисодиётига йўналтирилган ва жаҳон иқтисодиётига интеграциялашган ривожланиш моделини шакллантиришга қаратилган.

Шунингдек ўқинг

Учинчидан, мамлакатнинг асосий бойлиги – унинг халқидир. Ўзбекистон аҳолиси 38 миллион нафардан ошади ва фуқароларнинг қарийб 70 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бундай ёш, ғайратли ва иқтидорли демографик таркиб Ўзбекистоннинг янада ривожланиши ҳамда Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисодиётига айланиши учун улкан салоҳият яратади.

Ҳуқуқий тизимни такомиллаштиришни давом эттириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва саноатлаштиришни жадаллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, назаримда, энг муҳим йўналиш инсон капиталига – таълимга, касбий ривожланишга ва мамлакат ичида ёшлар учун имкониятлар яратишга сармоя киритиш бўлиб қолмоқда.

Форум ўзининг халқаро нуфузини тобора мустаҳкамлаб, минтақадаги ишбилармонлик ҳамкорлиги учун асосий майдонлардан бирига айланди. Бу галги форум давомида дунёнинг юздан ортиқ мамлакатидан 8 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди, умумий қиймати 30,5 миллиард АҚШ долларига тенг инвестиция шартномалари ва савдо битимлари имзоланди. Бу халқаро бизнеснинг Ўзбекистонга ва унинг иқтисодий истиқболларига бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат.

2027 йилда яна Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишни интиқлик билан кутаман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш