БМТ форумида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида Ўзбекистон қўлга киритаётган натижалар намуна сифатида тақдим этилди

Июль 11, 2026. 14:00 • 2 дақ

106
БМТ форумида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида Ўзбекистон қўлга киритаётган натижалар намуна сифатида тақдим этилди
БМТ форумида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида Ўзбекистон қўлга киритаётган натижалар намуна сифатида тақдим этилди

НЬЮ-ЙОРК, 11 июль. /“Дунё” АА/. Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган 6-Барқарор ривожланиш мақсадига (БРМ 6) эришиш масалалари бўйича юқори даражадаги Махсус тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан қатор самарали учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, Жаҳон банки гуруҳининг сув ресурслари бўйича глобал директори Сарож Кумар Жа билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида мамлакатимизда сув хўжалиги тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасидаги ижобий тажриба ҳақида сўз юритилди. Жаҳон банки вакили Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида сув соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни юқори баҳолаб, ўзининг форумдаги нутқида ҳам Ўзбекистон ютуқларини бошқа давлатлар учун намуна сифатида кўрсатиб ўтганини таъкидлади.

Кумар Жа давлатимиз томонидан сув соҳасига қаратилаётган молиявий эътиборни алоҳида эътироф этди. Унинг қайд этишича, дунёда кўпгина давлатлар «Тоза сув ва санитария» (БРМ 6) мақсадлари учун давлат бюджетининг ўртача 0,05 фоиз маблағларини йўналтираётган бир даврда, Ўзбекистонда бу кўрсаткич ҳозирда 3,2 фоизни ташкил этмоқда ва йил якунига қадар уни 4,2 фоизга етказиш режалаштирилган.

Музокаралар якунида ҳамкорликда соҳавий тизимли тадқиқотларни ўтказиш ҳамда бошқа истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари келишиб олинди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакиллари БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (БМТ ЕИК) Ўрмон хўжалиги, уй-жой қурилиши ва ердан фойдаланиш бўйича қўмитаси директори Паола Деда билан учрашув ўтказди. Мулоқот чоғида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чўлланишнинг олдини олиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари диққат марказида бўлди.

Учрашувда Паола Деда хоним Ўзбекистоннинг экологик муаммоларни ҳал этишдаги фаол иштироки ва халқаро ташаббусларини инобатга олиб, 2028 йилда БМТ Европа иқтисодий комиссияси шафелигида Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини илгари сурди ва мамлакатимиз ушбу нуфузли анжуманга мезбонлик қилиш учун муносиб номзод эканини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни изчил давом эттириш ва илгари сурилган таклифлар юзасидан мунтазам равишда маълумот алмашиб боришга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш