Шарқий Осиёда вайронагарчиликларга олиб келган супертайфун Филиппинда камида 15 кишининг ҳаётига зомин бўлди
Июль 11, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 110
МАНИЛА, 11 июль. /“Дунё” АА/. Сўнгги ўн йилликлардаги энг кучли бўронлардан бири - “Бави” тўфони Филиппин жанубида камида 15 кишининг ўлимига сабаб бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “BBC” нашрига таяниб.
Жадаллаб ёққан ёмғирлар оқибатида юзага келган кўчкилар бир нечта оилани тупроқ остида қолдирган, қутқарувчилар бедарак йўқолган ўнлаб инсонларни қидириш ишларини давом эттирмоқда.
Кенглиги қарийб 1000 километрни ташкил этган ушбу тўфон Тайвань ороли, Япония ва Хитой ҳудудларига ҳам кучли ёғингарчилик олиб келди. Тайвань расмийлари баъзи жойларда 1 метргача ёғингарчилик кузатилишидан огоҳлантирди ва қутқарув ишларига 29 мингга яқин ҳарбий хизматчини шай ҳолатга келтирди.
Тайфун сабабли минтақада юзлаб авиарейслар бекор қилинди, мактабларда дарслар тўхтатилди, аҳоли эса озиқ-овқат ва зарур маҳсулотларни ғамлашни бошлади.
Хитой ҳукумати тўфон мамлакатнинг жануби-шарқий қирғоқларига ёпирилганидан кейин жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Бави”нинг ҳажми ва қуввати жуда катта бўлганлиги сабабли, у шимолий ҳудудларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Бундан олдин Хитой жануби “Мейсак” тайфунидан жабр кўрган эди. Ушбу офат камида 39 кишининг ҳаётига зомин бўлган, 130 мингдан ортиқ аҳолини эвакуация қилишга мажбур этган ва қишлоқ хўжалигига катта зарар етказган эди.
Ўшанда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга Гуанси-Чжуан мухтор вазиятида юз берган табиий офатлар ҳамда Фуцзянь провинциясидаги кучли ёнғин оқибатида 28 кишининг ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани муносабати билан ҳамдардлик билдирган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси