Хитойдан муносабат: Ўзбекистон–Грузия стратегик шериклиги янги тараққиёт босқичига чиқмоқда
Июль 05, 2026. 14:42 • 3 дақ
• 10ГУАНЧЖОУ, 5 июль. /“Дунё” АА/. Гуанчжоу савдо институти профессори, Шарқий Европа ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази раҳбари Цзян Лань “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2–3 июль кунлари Грузияга амалга оширган давлат ташрифи юзасидан фикр билдирди:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини кўрсатди. Тор ва кенгайтирилган таркибда ўтган олий даражадаги музокараларнинг бош сиёсий якуни Стратегик шериклик муносабатлари тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши бўлди.
Шуниси диққатга сазоворки, музокаралар ўзининг аниқ ва амалий мазмунга эгалиги билан ажралиб турди ҳамда сиёсий мулоқотдан тортиб савдо, сармоя, транспорт-транзит, туризм ва маданий-гуманитар алмашинув соҳаларидаги амалий ҳамкорликкача бўлган барча йўналишларни қамраб олди.
Музокараларнинг савдо-иқтисодий йўналиши юқори даражада пухта ишлангани ва белгиланган мақсадларнинг улканлиги билан ажралиб турди. Томонларнинг яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш ниятигина эмас, балки савдодаги таркибий номутаносибликни бартараф этишга қаратилган амалий ёндашуви ҳам ҳайратланарли. Бу мувозанатли ва барқарор шериклик моделини барпо этишга интилишдан далолат беради.
Қабул қилинган комплекс “Йўл харитаси” харидоргир маҳсулотлар экспортини оширишни назарда тутади ва уни амалга оширишнинг аниқ механизмларини белгилаб беради. Ишончим комилки, айнан шундай тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши ишбилармонлик алоқаларига кучли туртки бериб, белгиланган марраларга эришишни таъминлайди.
Транспорт-логистика соҳасида эришилган келишувлар алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистон томони илгари сурган Боку–Тбилиси–Карс йўлагини лойиҳалаштирилаётган Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўл магистрали билан боғлаш ташаббуси Евроосиёнинг транзит салоҳиятини сезиларли даражада мустаҳкамлашга қодир бўлган, стратегик жиҳатдан пухта ўйланган қадам сифатида кўринмоқда.
Грузия порт инфратузилмасидан тизимли фойдаланиш тўғрисидаги қарор ҳам шунчалик прагматик кўринади. Саноат зонаси ва Ўзбекистон маҳсулотлари шоурумига эга логистика маркази лойиҳасини амалиётга татбиқ этиш Тошкент иқтисодий дипломатиясининг умумий баёнотларга эмас, балки Кавказорти бозорларида узоқ муддатли иштирок этиш учун аниқ таянч нуқталарини яратишга қаратилганини акс эттиради.
Ўзбекистоннинг Грузия билан кўп қиррали шерикликни изчил йўлга қўйиши икки томонлама муносабатларда ўзаро ишонч ва барқарор ривожланиш муҳитини шакллантиришга объектив равишда салмоқли ҳисса қўшмоқда. Ташриф давомида эришилган келишувлар нафақат икки томонлама, балки кенг минтақалараро аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро интилиш мавжудлигини ифодалайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


