Анқарадан муносабат: Ўзбекистон ва Грузия узоқ муддатли стратегик шериклик сари қадам ташламоқда
Июль 04, 2026. 13:00 • 3 дақ
• 123
АНҚАРА, 4 июль. /“Дунё” АА/. Туркия Стратегик тадқиқотлар ва ривожланиш маркази бошқарув раиси Юнус Эмре Канат “Дунё” ААга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2–3 июль кунлари Грузияга амалга оширган давлат ташрифи юзасидан фикр билдирди:
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир янги хорижий сафари Ўзбекистон замонавий дипломатияси тарихида навбатдаги муҳим саҳифага айланмоқда. Грузияга давлат ташрифи Тошкентнинг стратегик шериклар доирасини қай даражада изчил кенгайтираётганини ва минтақавий интеграция жараёнларининг энг фаол иштирокчиларидан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаётганини яққол намоён этди.
Тбилисидаги Орбелиани саройида бўлиб ўтган расмий кутиб олиш маросимининг ўзиёқ икки давлат ўртасидаги муносабатлар юксак даражада эканини кўрсатди. Дипломатик амалиётда бундай жиҳатлар алоҳида аҳамият касб этади. Улар ўзаро ишончни ва ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга бўлган сиёсий тайёргарликни ифодалайди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон Президентининг Грузияга сўнгги 23 йилдаги илк давлат ташрифи экани унга алоҳида рамзий маъно бағишлади. Бу вақт мобайнида нафақат Ўзбекистоннинг ўзи, балки унинг ташқи сиёсати ҳам ўзгарди. Бугун мамлакат очиқлик, иқтисодий ўзаро боғлиқлик ва узоқ муддатли шерикликни ривожлантириш йўлидан бормоқда ва бу икки давлат раҳбарлари музокаралари мазмун-моҳиятида яққол кўзга ташланди.
Туркия нуқтаи назаридан, муҳокамалар марказида сиёсий баёнотлар эмас, балки ҳамкорликнинг амалий йўналишлари тургани алоҳида аҳамиятга эгадир. Поти ва Батуми портлари орқали транспорт йўлакларини ривожлантириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси, рақамли технологиялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик – айнан шундай прагматик кун тартиби бугунги кунда замонавий дипломатия самарадорлигини белгилаб беради.
Муносабатларнинг аллақачон амалий натижалар билан мустаҳкамланаётгани ҳам эътиборга лойиқ. Икки томонлама савдо ҳажми қарийб 270 миллион долларга етди, қўшма корхоналар фаолияти кенгаймоқда, Тошкент, Тбилиси ва Батуми ўртасида авиақатновлар ривожланмоқда, гуманитар лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистонда Грузия маданияти кунлари муваффақиятли ташкил этилди.
Буларнинг барчаси ҳамкорлик сиёсий мулоқот доирасидан анча кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Туркия учун Ўзбекистон–Грузия муносабатларининг ривожланиши алоҳида аҳамиятга эга. Анқара Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни ўзаро боғлиқ минтақалар деб билади. Бу ерда иқтисодий ва транспорт алоқаларининг мустаҳкамланиши бутун Евроосиё маконининг барқарорлигига хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, Тошкент ва Тбилиси ўртасидаги мулоқотнинг фаоллашуви йирик логистика ва инфратузилма лойиҳаларини, жумладан, Ўрта йўлакни янада ривожлантириш учун ижобий ишора ҳисобланади.
Грузия Президенти Михаил Кавелашвилининг Ўзбекистонга ташриф билан таклиф этилиши музокараларнинг мантиқий якуни бўлиб, ҳар икки томон барқарор стратегик шерикликни шакллантиришни мақсад қилганидан далолат беради.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг дипломатик фаоллиги Евроосиё ҳудудида ҳамкорликнинг янги архитектурасини шакллантираётган омиллардан бирига айланиб бормоқда, дейиш мумкин. Грузияга амалга оширилган давлат ташрифи эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсати мамлакатни изчил равишда минтақавий ҳамкорликнинг асосий марказларидан бирига айлантираётганининг яна бир ишончли тасдиғи бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси