Доҳада Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди
Май 31, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 68ДОҲА, 31 май. /“Дунё” АА/. Қатар пойтахтида Ўзбекистон элчихонаси томонидан Ислом цивилизацияси маркази ва “Katara Cultural Village” маданий мажмуаси билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Қатар давлат вазири, Миллий кутубхона раҳбари доктор Ҳамад ал-Каварий, “Katara Cultural Village” бош директори Холид ас-Сулайтий, Қатар Миллий музейи директори шайх Абдулазиз бин Ҳамад Ол Соний, Ислом санъати музейи вакиллари, шунингдек, жамоат ва маданият арбоблари иштирок этди.
Меҳмонларга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақида маълумот тақдим қилинди. Марказ Янги Ўзбекистоннинг муҳим маънавий-маърифий ва маданий рамзларидан бирига айлангани, мамлакатнинг бой тарихий ва илмий меросини оммалаштиришга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.
Маросимда сўзга чиққан доктор Ҳамад ал-Каварий лойиҳанинг аҳамиятини юқори баҳолаб, унинг Ўзбекистон маданий меросини халқаро майдонда тарғиб этиш ва мамлакат сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини таъкидлади.
Тадбир доирасида Қатар Миллий кутубхонасида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид ноёб қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатлар ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, иштирокчилар эътиборига Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовнинг марказнинг яратилиш тарихи, унинг кўргазмалари ҳамда Ўзбекистон-Қатар маданий-гуманитар ҳамкорлиги истиқболларига бағишланган араб тилидаги видеомурожаати ҳавола қилинди.
Мазкур тақдимот Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги маданият, таълим, фан ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни кенгайтириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлгани қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Будапештдан муносабат: Ўзбекистоннинг ЕОИИдаги иштироки Марказий Осиёда стратегик ҳамкорликни янада кенгайтиради

Москвадан муносабат: Ўзбекистон ЕОИИ билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдоридир





