Будапештдан муносабат: Ўзбекистоннинг ЕОИИдаги иштироки Марказий Осиёда стратегик ҳамкорликни янада кенгайтиради

Май 31, 2026. 13:30 • 3 дақ

68
Будапештдан муносабат: Ўзбекистоннинг ЕОИИдаги иштироки Марказий Осиёда стратегик ҳамкорликни янада кенгайтиради

БУДАПЕШТ, 31 май. /“Дунё” АА/. Венгрия халқаро муносабатлар институти президенти маслаҳатчиси, Марказий Осиё бўйича эксперт Ласло Васа “Дунё” АА мухбирига мамлакатимиз етакчисининг кузатувчи давлат раҳбари мақомида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштироки хусусида фикр билдирди:

– Остона шаҳрида ўтказилган саммит тантанали йиғилишдан кўра, Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) мураккаб ташқи шароитда реал иқтисодий натижа бера олиш қобилиятини синаб кўрадиган амалий платформа ҳисобланади.

Ўзбекистон иттифоқ аъзоси бўлмаса ҳам, ушбу жараёнда иштирок этиши мамлакатнинг Евроосиё интеграциясига нисбатан прагматик ёндашувини кўрсатади ва бу бозорлар, логистика ҳамда ҳамкорлик механизмларига кенгроқ кириш имконини беради.

Сиёсий нуқтаи назардан саммитнинг аҳамияти шундаки, у 2026 йилда ЕОИИ органларига раислик қилаётган Қозоғистонда ўтмоқда. Бу пайтда Иттифоқ ўз долзарблигини ҳаракатчанликни ривожлантириш, савдони енгиллаштириш ва институционал самарадорликни ошириш орқали намоён этишга интилаяпти.

ЕОИИ Иттифоқ доирасидаги асосий қарор қабул қилувчи орган ҳисобланади ва унинг кун тартиби анъанавий равишда интеграцияни кенгайтириш ҳамда миллий суверенитетни сақлаш ўртасидаги мувозанатни акс эттиради. Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг иштироки Ўзбекистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларда фаол қатнашишга интилишини кўрсатади.

Марказий Осиё аста-секин мустақил ва ўз манфаатларига йўналтирилган минтақавий актор сифатида шаклланмоқда. Бу жараён, айниқса, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликда яққол намоён бўлмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон ва Қозоғистон учун асосий фойда савдони енгиллаштириш, логистика, саноат кооперацияси ва агроозиқ-овқат таъминот занжирларини ривожлантириш билан боғлиқ. Икки давлат кун тартибида товар айланмасини ошириш, чегара инфратузилмасини модернизация қилиш, қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш ҳамда транспорт, сув ресурслари, рақамлаштириш ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар мавжуд.

Фикримча, келгусида Ўзбекистон кўпвекторли ташқи сиёсатини давом эттиради ҳамда ЕОИИ билан ҳамкорликни сақлаб қолади. Шунингдек, Қозоғистон билан стратегик шерикликни янада кенгайтириб, Европа Иттифоқи, Хитой ва Форс кўрфази давлатлари билан алоқаларни ривожлантиради.

Венгрия Туркий давлатлар ташкилоти ва икки томонлама алоқалар орқали “кўприк” ролини кучайтирган. Ҳозирги ҳамкорлик таълим, савдо, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, телекоммуникация, IT ва бошқа соҳаларни қамраб олмоқда.

Янги сиёсий ўзгаришлар бўлиши мумкин бўлса-да, Венгриянинг Марказий Осиёга қизиқиши сақланиб қолади ва ҳамкорлик янада институционал ҳамда Европа сиёсатлари билан уйғунлашган ҳолда давом этади.

Умуман олганда, ушбу саммитнинг асосий аҳамияти янги сиёсий баёнотларда эмас, балки мавжуд жараёнларни мустаҳкамлашдадир. У Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириши, ЕОИИнинг савдо платформаси сифатидаги ролини сақлаши ва Марказий Осиёнинг ўз иқтисодий йўналишини шакллантираётганини кўрсатади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш